АҚШда Ўзбекистондаги ислоҳотлар эътироф этилди
АҚШнинг Вашингтон шаҳрида Ўзбекистон ва АҚШ ўртасида Стратегик ҳамкорлик мулоқотининг иккинчи йиғилиши бўлиб ўтди.
Тадбир доирасида Ўзбекистон адлия вазири Акбар Тошқулов АҚШнинг “Инсонийлик мезонлари” масалаларига бағишланган тўртинчи сессиясига раҳбарлик қилди.
Унда Ўзбекистонда демократик институтларни мустаҳкамлаш ва ушбу йўналишда олиб борилаётган ислоҳотлар, сўз эркинлигини ҳимоя қилиш ва фуқаролик жамиятини қўллаб-қувватлаш, диний эркинлик соҳасидаги ҳамкорлик ҳақида сўз юритилди.
Меҳнат ҳуқуқлари ва одам савдосига қарши курашиш, гендер тенгликни таъминлаш, ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш соҳасидаги ҳамкорлик, жазони ижро этиш масканларидаги шароитлар масалалари муҳокама қилинди.
Америка томони Ўзбекистонда Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси доирасида давлат ва жамият қурилишининг барча жабҳаларида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётганини эътироф этди.
Хусусан, фуқаролик жамиятини ривожлантириш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, қонун устуворлигини мустаҳкамлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш йўналишида ҳамда инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро мажбуриятларни бажаришда улкан ютуқларга эришилди. Ушбу йўналишларда янада самарали ҳамкорликни давом эттириш тарафдори эканлиги таъкидланди.
Учрашув давомида Ўзбекистон вакиллари томонидан тадбир кун тартиби мавзулари доирасида келгусидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ва давом эттириш мақсадида аниқ ва конструктив таклифлар илгари сурилди.
Адлия вазири Ўзбекистон делегацияси таркибида бир қатор қўшма тадбирларда, ҳусусан АҚШ давлат котиби Э.Блинкен, АҚШ Конгресси аъзолари ва ҳукумати вакиллари, АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) раҳбарлари билан учрашувларда ҳам иштирок этди.
Н.Абдураимова,
ЎзА