АҚШ ва Канададаги ўзбек диаспорасининг илк миллий қурултойи ўтказилди
Яқинда Филаделфия шаҳрида АҚШ ва Канадада фаолият юритаётган ўзбек диаспораси ташкилотлари раҳбарлари ва фаолларини бир майдонда жамлаган тарихий воқеа – миллатимиз диаспорасининг биринчи миллий қурултойи бўлиб ўтди.
“Vatan Global Alliance” жамияти мезбонлик қилган ушбу нуфузли анжуманда юртимизнинг Вашингтондаги элчихонаси ва Нью-Йоркдаги бош консулхонаси ходимлари, шунингдек, Америка Қўшма Штатларининг турли ҳудудларидан ҳамда Канададан келган халқимиз жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Мазкур тарихий учрашувнинг асосий мақсади – АҚШ ва Канададаги ватандошлар ўртасидаги ҳамжиҳатликни янада мустаҳкамлаш, диаспора ташкилотлари фаолиятини ўзаро мувофиқлаштириш, миллий қадрият ва анъаналарни асраб-авайлаш, ёш авлоднинг ўлкамиз билан маънавий ва маданий алоқаларини кучайтириш ҳамда келгусидаги қўшма ташаббус ва лойиҳаларни муҳокама қилишдан иборат бўлди.
Йиғин аввалида Ўзбекистон Республикасининг Қўшма Штатлардаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Фурқат Сидиқов сўзга чиқиб, АҚШ ва Канадада истиқомат қилаётган ватандошларимиз – Отабек Маҳкамовнинг “Мардлик” ордени, Нилуфар Қаҳҳорова ва Нодира Йўлдашеванинг “Саломатлик” орденлари билан тақдирланганини мамнуният билан эътироф этди. Шунингдек, дипломатимиз ватандошларни бирлаштириш, диаспора ташкилотлари ўртасида тизимли ҳамкорликни йўлга қўйиш ва диёримиз билан алоқаларни янада ривожлантиришнинг аҳамиятига алоҳида эътибор қаратди.

Тадбир давомида АҚШ ва Канадада фаолият юритаётган қатор диаспора ташкилотлари раҳбарлари ҳам ўз фаолияти, амалга оширилаётган лойиҳалар, мавжуд масалалар ва келгусидаги ҳамкорлик йўналишлари юзасидан фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.
Хусусан, Халқаро Турон федерацияси президенти Фарруҳ Ниязимбетов ўз нутқида Мустақилликнинг 35 йиллиги арафасида мазкур федерацияга аъзо давлатлар сони 35 тага етганини таъкидлаб, буни Турон яккакурашининг халқаро миқёсда кенгайиб бораётганининг муҳим кўрсаткичи сифатида қайд этди. Шунингдек, у 2027 йилда АҚШнинг Оҳио штатида бўлиб ўтадиган нуфузли “Arnold Sports Festival” доирасида илк бор Ўзбекистон миллий спорт турларидан бири – Турон яккакураши бўйича мусобақа ўтказилиши режалаштирилаётганини маълум қилди.
Эътиборлиси, ушбу халқаро спорт майдони нафақат Турон яккакурашини дунёга кенгроқ танитиш, балки Ватанимизнинг бой миллий қадриятлари, урф-одат ва анъаналарини халқаро жамоатчиликка намойиш этиш учун ҳам муҳим имконият яратади.
Айтиш жоизки, ушбу анжуман нафақат ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинган учрашув, балки АҚШ ва Канададаги ўзбек диаспораси фаолиятида янги босқични бошлаб берган тарихий мулоқот майдони бўлди, дейиш мумкин.
Равшанбек Алматов,
Халқаро Турон федерацияси вице-президенти