АҚШ университети талабасига айланди
Гулистон туманидаги 1-сонли умумтаълим мактабининг 11-синф ўқувчиси Сардорбек Холйигитов ўзининг юксак билим савияси, қатъияти ва доимий изланиши самараси ўлароқ АҚШнинг нуфузли олий таълим муассасаларидан бири — Колорадо Давлат университетига муддатидан олдин қабул қилинди.
Истеъдодли ёш 2026 йил кузги семестрдан бошлаб, ушбу университетда бакалавриат босқичида таҳсил олишни бошлайди.
Сардорбекнинг бу ютуғи унинг кўп йиллик меҳнати, ўз устида тинимсиз ишлаши ҳамда халқаро таълим тизимига интилувчанлигининг яққол натижасидир. Унинг таъкидлашича, мазкур муваффақият осонликча қўлга киритилмаган.

– Мен бу мақсад сари узоқ вақтдан бери интилиб келяпман. Хорижий университетга ҳужжат топшириш жараёни мен учун катта тажриба мактаби бўлди. Устозларимнинг ишончи, ота-онамнинг қўллаб-қувватлаши ва ўзимга бўлган ишонч мени олдинга ундади. Бу ютуқни барча ёшларга яратилаётган имкониятлар самараси, деб биламан, – дейди Сардорбек Холйигитов.
Ушбу қувончли воқеа муносабати билан туман ҳокимининг ўринбосари Хуршид Челибаев ҳамда туман мактаб ва мактабгача таълим бўлими мудири Дилмурод Қодирқулов истеъдодли ўқувчи билан учрашди. Учрашув чоғида Сардорбекнинг муваффақияти нафақат унинг шахсий ютуғи, балки Гулистон тумани таълим тизимида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг амалий самараси экани алоҳида таъкидланди.
Мулоқот давомида ёш иқтидор эгасининг келгусида эгалламоқчи бўлган касби, халқаро тажриба орқали замонавий билим ва кўникмаларни ўзлаштириш, шунингдек, келажакда Ватан равнақига ҳисса қўшиш борасидаги режалари муҳокама қилинди.
– Мен хорижда олган билим ва тажрибамни келгусида Ўзбекистонда қўллашни, ёшлар учун фойдали ташаббуслар билан чиқишни истайман. Бу менинг энг катта орзуларимдан бири, – дея қўшимча қилди Сардорбек.
Учрашув якунида масъуллар Сардорбек Холйигитовнинг бу ютуғи бошқа ўқувчилар учун ҳам катта ибрат ва руҳий рағбат эканини таъкидлашиб, бундай истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаш таълим соҳасидаги устувор вазифалардан бири бўлиб қолишини қайд этдилар.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири