АҚШ Эроннинг Кешм оролига зарба берди
АҚШ Ҳурмуз бўғозидаги Эрон нишонларига зарба берди. Америкалик расмий вакил билдиришича, ушбу ҳарбий амалиёт Америка объектларига зенит ракетаси билан ҳужум қилган кучларга қарши мудофаа мақсадида ўтказилган. Ислом Республикаси оммавий ахборот воситалари эса Кешм оролида 5 марта портлаш содир бўлганини хабар қилди.
Ҳарбий ҳаракат Вашингтон ва Теҳрон ўртасидаги музокара жараёнида силжиш кузатилаётгани ҳақидаги баёнотлардан бир неча соат ўтиб юз берди. Президент Дональд Трамп келишувга эришиш имкони борлигини айтди. Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Арағчий эса Қатар ва Покистон воситачилигида билвосита музокара давом этаётганини маълум қилди.
Зарбалар АҚШ Конгрессига оралиқ сайлов арафасида амалга оширилди. Эрон билан уруш мамлакатда сиёсий баҳсни кучайтирган, можаронинг иқтисодий оқибати эса жамоатчилик норозилигига сабаб бўлмоқда.
Мусулмон Зиё, ЎзА