АҚШ-Эрон зиддияти қачон тугайди?
Эрон ва АҚШ ўртасидаги қарама-қаршилик тобора очиқ тўқнашув тусини олиб, нафақат минтақа, балки бутун жаҳон хавфсизлигига жиддий таҳдид солмоқда.
Айниқса, Ҳурмуз бўғозида вазият янада таранглашиб, Эрон томони Қўшма Штатлар ҳарбий кемаларини ўз нефть танкерларига ҳужум қилишда ва аввалги сулҳ келишувларини бузишда айблади. Жавоб тариқасида амалга оширилган зарбалардан кейин стратегик аҳамиятга эга бўлган бўғоз фаолияти издан чиқди ва минглаб денгизчилар ноаниқ муддатга ҳудудда қамалиб қолди.
Шу билан бирга, Теҳрон осмонида ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларининг ишга тушиши ортидан юз берган портлашлар акс этган видеолар ижтимоий тармоқларда кенг тарқалиб, дунё жамоатчилигини хавотирга солмоқда.
Оқ уй раҳбари Дональд Трамп ўт очишни тўхтатиш бўйича келишув ҳали ҳам амалда эканлигини таъкидлаётган бўлса, Теҳрон Вашингтонни очиқ агрессияда айблаб, барча воқеалар учун АҚШни масъул деб ҳисобламоқда.
Бу қарама-қаршилик нафақат икки давлат муносабатларига, балки халқаро ташкилотлар ва глобал иттифоқлар ичидаги мувозанатга ҳам таъсир кўрсатмоқда. НАТО ва ОПЕК каби йирик тузилмаларда ҳам фикрлар бўлиниши кузатилган.
Қайд этилишича, можарони дипломатик йўл билан ҳал этишга бўлган уринишлар ҳам тўхтагани йўқ. Хитойнинг воситачилик фаоллиги тобора кучайиб, Пекин ва Теҳрон ўртасидаги музокаралар халқаро сиёсатнинг асосий мавзуларидан бирига айланди.
Кўпчилик “ХХР урушнинг олдини ола оладими?” деган саволга жавоб изламоқда. Ҳозирда АҚШ томонидан таклиф этилган тинчлик шартлари муҳокама қилинмоқда, аммо Эроннинг бу шартларга қандай муносабат билдириши ҳали номаълум.
Ф.Яхшибоева, ЎзА