Ақлли светофорлар – инновацион ёндашув
Ҳозирги кунда Фарғона вилоятида автомобиль йўллари 19 минг 950 километрдан ортиқ бўлиб, ҳудуднинг 4 миллиондан зиёд аҳолисига қарашли шахсий автомашиналар қарийб 450 мингтага етган. Шунга кўра йўлларда хавфсиз, қулай ҳаракатланишни ташкил этиш, йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш мақсадида «йўл харитаси» ишлаб чиқилди.
Жорий йилда вилоятда йўл-транспорт ҳодисалари 23 фоизга камайишига эришилди. Аммо бу хотиржам бўлиш учун етарли эмас.
Фарғона шаҳар халқа йўлида соатига ўртача 20–22 мингта автомашина ҳаракатланади. Куннинг тиғиз вақтларида ҳаракатланиш жадаллиги ва машиналар қатнови кўпаяди. Шу мақсадда мазкур халқа йўлида янги қуриб битказилаётган Экошаҳарга кираверишдаги 4 та кўчага муқобил энергия манбаси асосида ишловчи ақлли светофор қурилмаси ўрнатилди. Чунки 300 гектар майдонда бунёд этилаётган замонавий шаҳарчада яқин истиқболда 65 минг аҳоли истиқомат қилади.
– Институтимиз қошидаги инновация марказида яратилган мазкур ақлли светофор қурилмалари белгиланган тезлик меъёрига қараб ҳаракат иштирокчисини огоҳлантиради, - дейди Фарғона политехника институти профессори Сирожиддин Эргашев. – Шунингдек, Экошаҳарнинг ички кўчаларига янги йўл белгилари ўрнатилди. У ҳайдовчига белгиланган тезлик меъёрини олдиндан кўрсатади.
[gallery-18717]
Ўз навбатида, инновацион йўл белгиси ушбу ҳудуд бўйлаб ҳаракатланаётган машиналар тезлигини назорат қилади. Мобиль режимда ишловчи ушбу қурилмага қўшимча мосламалар ўрнатиш орқали унинг хизмат фаолиятини янада кенгайтириш мумкин. Энг сўнгги авлод чиплари ўрнатилгани боис унда ҳар қандай қўшимча қурилмага тез мослашиш хусусияти мавжуд. Ақлли светофор қурилмалари кутилган самарани берса, инновацион ишланмани вилоят бўйлаб оммалаштириш кўзда тутилган.
Муқимжон ҚОДИРОВ (сурат), ЎзА