«Ақлли синфхоналар» лойиҳаси кенгайтирилади
Бутун дунёда мактаб ҳамда олий таълим тизимида рақобатбардошликни кучайтириш учун таълимга янгича бошқарув тамойилларини киритиш талаб этилмоқда.
Бунда айниқса, ахборот технологияларининг жорий этилиши таълим сифатини яхшилаш ва соғлом рақобат муҳитини тезроқ шакллантиришга ёрдам беради.
Таълим тизимида қўлланиб келинаётган «Ақлли синфхоналар» тажрибаси эса боланинг таълим олишга бўлган қизиқиши янада ошишига туртки бўлмоқда.
Рақамли технологиялар вазирлиги «Ақлли синфхоналар» тажрибасини янада кенгайтириш мақсадида хорижлик ҳамкорлар билан меморандумлар имзоламоқда.
Вазир Шерзод Шерматов бошчилигидаги делегациянинг Жанубий Кореяга ташрифи доирасида «Hancom Academy» компанияси раҳбарияти билан учрашув ўтказилди.
Унда Ўзбекистон бўйлаб IT таълимни ривожлантириш марказлари, университетлар ва бошқа IT таълим муассасаларида «Ақлли синфхоналар»ни ташкил қилиш орқали таълимга хорижий инвестициялар жалб қилиш мақсадида Рақамли технологиялар вазирлиги ва «Hancom Academy» компанияси ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Ушбу меморандумга мувофиқ, Ўзбекистонда «Ақлли синфхоналар» лойиҳасини муваффақиятли ташкил этиш ва улардан фойдаланиш учун яқин ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олинди.
Шу билан бирга, «Hancom Academy» компанияси 2024-2027 йиллар давомида ақлли синфхоналарнинг ички дизайнини яратиш ва замонавий АКТ ускуналари билан жиҳозлаш учун сармоя киритиши режалаштирилган.
Н.Раҳмонова, ЎзА