“Ақлли шаҳар” сари яна бир муҳим қадам ташланди
Сирдарё вилоятида коммунал хизматлар соҳасини рақамлаштириш, муҳандислик инфратузилмасини замонавий технологиялар асосида бошқариш ва аҳолига кўрсатилаётган хизматлар сифатини янги босқичга олиб чиқишга қаратилган муҳим лойиҳа амалга оширилади.
Шу мақсадда вилоят коммунал соҳа ташкилотлари ҳамда Хитойнинг Донгфанг Электроникс Корпоратион компанияси ўртасида SCADA (Supervisory Control and Data Acquisition) тизимларини жорий этиш, коммунал тармоқларни рақамли бошқарувга ўтказиш ҳамда “Ақлли шаҳар” концепциясини ривожлантириш бўйича ҳамкорликни кенгайтириш юзасидан келишувларга эришилди. Бу ҳақда “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ Сирдарё ҳудудий филиали маълум қилди.

Мазкур ҳамкорлик доирасида электр, газ ва сув таъминоти тизимларини ягона рақамли платформа орқали бошқариш, реал вақт режимида мониторинг қилиш, авария ҳолатларини тезкор аниқлаш ва бартараф этиш, ресурслардан самарали фойдаланиш ҳамда хизмат кўрсатиш сифатини оширишга қаратилган замонавий технологик ечимларни жорий этиш назарда тутилган.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, SCADA тизимлари коммунал инфратузилмани автоматлаштириш, тармоқлардаги техник ҳолатни доимий назорат қилиш ва бошқарув қарорларини тезкор қабул қилиш имконини беради. Бугунги кунда бундай технологиялар дунёнинг кўплаб давлатларида “Ақлли шаҳар” лойиҳаларининг асосий таркибий қисми сифатида қўлланилмоқда.

Донгфанг Электроникс Корпоратион эса ақлли электр тармоқлари, рақамли энергетика ва “Ақлли шаҳар” ечимлари соҳасида фаолият юритувчи йирик технологик компаниялардан бири бўлиб, унинг технологиялари 60 дан ортиқ мамлакатларда жорий этилган. Компаниянинг фаолияти энергетика, коммунал хизматлар ва шаҳар инфратузилмасини рақамлаштириш йўналишларини қамраб олади.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири