Анталиянинг бетакрор шаршараларига саёҳат
Туркия Республикаси Маданият ва туризм вазирлиги пандемия даврида хавфсиз туризмни ривожлантиришга оид лойиҳа доирасида ўзбекистонлик бир гуруҳ журналистлар учун пресс-тур ташкил қилди.
Дастур бир ҳафталик бўлиб, унда Истанбул, Каппадокия ва Анталиядаги диққатга сазовор жойларни томоша қилиш белгиланган эди. Саёҳат якунланиши арафасида Анталиядаги сўлим манзараларга, яъни бетакрор Куршунлу ҳамда Дюден шаршарасига бордик.
Куршунлу шаршараси худди шу номдаги миллий боғда жойлашган. 1986 йилда жамоатчилик учун биринчи марта очилган қарағай-садр ўрмони орасида жойлашган. Боғнинг ҳудуди деярли 33 гектарни ташкил этади.

Йилнинг исталган вақтида боғда сайр қилиш яхши, аммо ёзда шаршарада сув кам бўлиши мумкин. Январь ойида бу ерга ташриф буюрдик, об-ҳаво инжиқликлари сабаб асл гўзалликдан баҳраманд бўлолмадик. Ёмғир шаррос қуйди.
Куршунлу боғи маҳаллий аҳоли учун энг севимли дам олиш маскани. Шаҳарнинг шовқин-суронидан ташқарида яхши дам олиш учун барча шароит мавжуд. Пикник жойлари жиҳозланган. Бир нечта кафе ва ресторанлар, паркдаги юриш маршрутлари, гўзал манзара.
Куршунлу шаршараси Аксу дарёсининг ирмоқларидан ҳосил бўлган. Сув 18 метр баландликдан кўлга тушади, у зумрад-кўк рангда товланади.

Кўплаб сайёҳларни ўзининг жозибаси ва мафтункорлиги билан ром этган яна бир шаршара Дюден, деб номланади. Шаршара Анталиядан 30 километр масофада бўлган Дюден дарёси ирмоғидан бошланади. Шаҳарда асли иккита шаршара бўлиб, юқори Дюден ва қуйи Дюден, деб номланган. Юқори Дюден Анталия марказидан 10 километр узоқликда, қуйи Дюден эса шаҳардан 8 километр узоқликда – Ўртаер денгизи соҳилида жойлашган.
Гарчи шаршара шовқинли, палапартиш бўлса-да, денгизга қуйилгани сабаб одамга сокинлик бахш этади.
Нурилло НАСРИЕВ, ЎзА