Анқара саммити: “Turkic ID” ва фуқаролар учун янги имкониятлар
Анқара шаҳрида бўлиб ўтган Туркий давлатлар ташкилоти 13-саммитида ҳамкорликни чуқурлаштиришга қаратилган қатор муҳим қарорлар қабул қилинди.
Транспорт ва божхона соҳасидаги енгилликлар
Анжуманда, жумладан, транспорт ва божхона тартиб-қоидасини соддалаштириш бўйича ҳам келишувга эришилди. Энди чегара ва божхона постларида навбат камаяди, юк ташиш жараёни тезлашади, “Ўрта йўлак” орқали транзит имконияти кенгаяди, логистика харажати камайиб, маҳсулот нархи барқарорлашади.
Қўшма музей харитаси
Маданият ва туризм соҳасида Қўшма музей харитаси жорий этилишини таъминлайдиган ҳужжат имзоланди. Мазкур ташаббус ҳамкор мамлакатлардаги музей, тарихий обида ва зиёратгоҳлар бўйлаб саёҳатни осонлаштиради, ягона туристик йўналиш шаклланишига хизмат қилади.
Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги муҳим келишувлар
Президентлар Шавкат Мирзиёев ва Режеп Таййип Эрдоған икки мамлакат ҳамкорлигини янги босқичга олиб чиқувчи қатор ҳужжатларни имзоладилар. Энди ишбилармонларни қўллаб-қувватлаш бўйича юқори даражали кенгаш тузилади, Қўшма инвестиция ва бизнес лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш механизми яратилади. Бу тадбиркорлар муаммоларини тезкор ҳал қилиш имконини беради.
Имтиёзли савдо битимини кенгайтириш
Ўзаро савдода кўплаб товарлар учун бож камайтирилади. Натижада маҳсулот рақобатбардошлиги таъминланади, савдо ҳажми ортади.
Рақамли божхона тизими
Чегара ва бож жараёнини рақамлаштириш ҳисобига юкни расмийлаштириш вақти қисқаради, ташув самарадорлиги ортади. Мигрантларни ижтимоий ҳимоялаш, Туркияда меҳнат қилаётган Ўзбекистон фуқаролари, шунингдек юртимизда яшаётган Туркия фуқаролари ижтимоий ҳуқуқи ва кафолатини таъминлашга қаратилган шериклик кучайтирилади.
Анқара саммити туркий давлатлар ўртасида эркин ҳаракатланиш, савдо, логистика ва туризм соҳаларида янги имкониятлар очади. Қабул қилинган қарорлар фуқаролар ҳаётини енгиллаштириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва минтақавий интеграцияни мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Нодира Қаюмова, ЎзА
Туркия Анқара