Ангрен шаҳар ҳокими “ҳайфсан” олди
Ижтимоий тармоқларда Ангрен шаҳар ҳокими Алишер Раимовга тегишли давлат хизматчиси учун номақбул сўзлар, ҳақоратлар ишлатилган аудиоёзув тарқалган эди.
Тошкент вилояти ҳокимлиги Одоб-ахлоқ комиссиясининг йиғилишида ана шу масала кўриб чиқилиб, тегишли чора кўриш учун вилоят ҳокими Зойир Мирзаевга тақдимнома киритилди.
Шундан сўнг вилоят ҳокимининг тегишли фармойишига асосан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Давлат фуқаролик хизматчилари томонидан одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этилишини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарори талабларига риоя қилмагани, давлат хизматчисининг касб этикасини бузганлиги, мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиб, ноқонуний хатти-ҳаракатларни содир этгани учун Ангрен шаҳар ҳокими Алишер Абдумаликович Раимовга нисбатан “ҳайфсан” интизомий жазо чораси қўлланилди.
А. Мусаев, ЎзА.