Андижонлик ёш чегарачилар ғолиб бўлди
Академик М. Мирзаев номли илмий тадқиқот институти дала майдонида жорий йилнинг 17-20 май кунлари Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги ҳузуридаги Ёшлар ишлари агентлиги, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи марказий кенгаши, Ўзбекистон давлат муассасалари ва жамоат хизмати ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши, шунингдек бошқа қатор ҳамкор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ташкил этилган “Ёш чегарачилар” ҳарбий-ватанпарварлик мусобақасининг Республика босқичи якунланди.
Ғолибларни тантанали тақдирлаш маросимида сўз олганлар мусобақа иштирокчиларини якуний натижалар билан самимий қутлаб, уларга бугунгидек шижоат ва ғайрат ҳамиша ҳамроҳ бўлишини тилашди. Шунингдек, мусобақа нуфузининг йилдан-йилга ортиб бориши ва юқори савияда ташкил этилишида масъул вазирлик ва идораларнинг ҳамкорликдаги саъй-ҳаракатлари ўз самарасини бераётгани ҳам алоҳида таъкидланди.
Барча жамоалар мусобақадаги фаол иштироки учун ташкилотчилар томонидан қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди. Шартларни бажариш давомида юқори натижаларни кўрсатган ўғил-қизлар номинациялар бўйича якка тартибда рағбатлантирилганидан сўнг, фахрли ўринларни эгаллаган жамоаларни тақдирлаш маросими бошланди.
Қизғин ва муросасиз баҳслар якунига кўра, Наманган вилояти Янгиқўрғон тумани 10-умумтаълим мактабининг “Фидокор” жамоаси учинчи ўринни эгаллаган бўлса, Қашқадарё вилояти Нишон тумани 4-умумтаълим мактабининг “Амир Темур издошлари” жамоаси иккинчи ўринга сазовор бўлди.
“Ёш чегарачилар” ҳарбий-ватанпарварлик мусобақасининг финал босқичи мутлақ ғолиблиги эса Андижон вилояти Пахтаобод тумани
31-умумтаълим мактабининг “Сарҳад лочинлари” жамоасига насиб этди. Ғолиблар мусобақа ташкилотчилари томонидан махсус диплом, кубок, медаллар ва қимматбаҳо савғалар билан тақдирланди.
Ёшларга ҳар жиҳатдан кўмак бериб, мадад бўлган, уларни қўллаб-қувватлаб юқори натижалар сари руҳлантириб турган меҳрибон ва фидойи устозларга ҳам алоҳида ташаккур билдирилиб, эсдалик совғалари улашилди. ДХХ Чегара қўшинлари Ашула ва рақс ансамбли хонандалари томонидан ватанпарварлик, юртга садоқат ва меҳр оқибат туйғуларини тараннум этувчи куй қўшиқлар янграган концерт дастури ҳам тадбирга янада кўтаринки кайфият бағишлади.
Қувонарли жиҳати шундаки, беллашувлар давомида Ватанимизнинг турли гўшалари, энг олис чегараолди ҳудудларидан ташриф буюрган ёшлар бир-бирлари билан дўстлашиб, тажриба алмашдилар, кўплаб истеъдодли ўғил-қизлар кашф этилди.
Албатта, эртамиз эгаларининг мусобақалар давомида олган ҳарбий билим ва кўникмалари, эгаллаган тажрибалари келгусида уларнинг касб танлаши ва ўз ҳаёт йўлини топишида муҳим омил бўлиб хизмат қилади.
Н.Бозорова, ЎзА