Андижонлик ёшлар тунел ихтиро қилди
Андижон шаҳридаги Эски шаҳар деҳқон бозорининг кириш қисмига дезинфекция туннели ўрнатилди.
Андижон шаҳридаги Эски шаҳар деҳқон бозорининг кириш қисмига дезинфекция туннели ўрнатилди. Ушбу ихтиро андижонлик ёшлар томонидан ишлаб чиқилиб, амалиётга татбиқ этилди.
Мамлакатимизда коронавирус инфекцияси тарқалиши ва юқишининг олдини олишга қарши курашиш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Мазкур йўналишда креатив ва ўзига хос янги лойиҳалар ишлаб чиқилиб, амалиётга татбиқ этилаётганлиги касаллик юқиши ва тарқалиши эҳтимолини камайтиришга хизмат қилмоқда. Андижонлик ёшлар таклиф этган янги инновацион лойиҳа доирасидаги ихтиро ҳам ана шу йўналишдаги ишларга бир мисолдир.

- Бозорлар, аҳоли кўп тўпланадиган жамоат жойларига ўрнатилиши кўзда тутилган дезинфекция туннели шубҳасиз, хасталик тарқалишининг олдини олишга ёрдам беради, — дейди лойиҳа муаллифларидан бири “Мард ўғлон” давлат мукофоти совриндори Шаҳризод Мусабеков. – Ҳар бири 200 литр миқдорда икки хил турдаги антисептик суюқлик билан тўлдириладиган туннеллар махсус қурилмалар ёрдамида туннелда ўтаётган шахсларни дезинфекция қилади.
Ўзбекистон ёшлар иттифоқи томонидан молиялаштирилган мазкур лойиҳа доирасида яратилган дезинфекция туннели 24 соат мобайнида ишлаши, бозорга кириб-чиқаётган одамларни дезинфекциялаши мумкин. Дезинфекция жараёнида ўтаётган шахснинг танаси ва қўли учун бошқа-бошқа турдаги антисептик суюқликлардан фойдаланилади.

Касаллик тарқалишининг олдини олишга ёрдам берадиган бу каби туннелларни вилоятдаги бозорлар ва аҳоли гавжум масканларга ўрнатиш режалаштирилмоқда.