Андижонлик энг сара раққосалар аниқланди
З.М. Бобур номидаги Андижон вилоят мусиқали драма театрида Мукаррама Турғунбоева номидаги “Миллий рақс ижрочилари” республика кўрик-танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.
Миллий рақс санъатимизни янада ривожлантириш, дунё саҳналарига олиб чиқиш, истеъдодли миллий рақс ижрочилари ҳамда балетмейстерларни кашф этиш, ёшларнинг ўзбек миллий рақс санъатига бўлган қизиқишни ошириш, “Устоз-шогирд” анъаналарини тиклашда ҳар икки йилда бир марта анъанавий тарзда ўтказилаётган Мукаррама Турғунбоева номидаги “Миллий рақс ижрочилари” республика кўрик-танлови муҳим аҳамият касб этмоқда.
Танловнинг вилоят босқичида 17 дан 25 ёшгача бўлган 30 нафар раққоса ўз маҳорат ва истеъдодини намойиш этди.
Танловнинг якуний натижаларига кўра, вилоят филармонияси раққосаси Нигина Сайфутдинова биринчи, Қўрғонтепа туманидаги 27- болалар мусиқа ва санъат мактаби ўқитувчиси Сулолабону Ғуломова иккинчи, учинчи ўринни икки иштирокчи – Асака тумани маданият бўлими вакиласи Қаноатхон Тоировага ҳамда Жалақудуқ туманидаги 18-болалар мусиқа ва санъат мактаби ўқитувчиси Суғдиёна Давлатова эгаллади.

– Ижро этган рақсим билан танлов ғолиби бўлганлигимдан, ижодим эътироф этилганлигидан жуда хурсандман, – дейди танлов ғолибаси Нигина Сайфутдинова. – Ушбу ютуқ менга катта масъулият юклайди, янада шижоат билан ижод қилишга ундайди. Энди танловнинг мамлакат босқичида ҳам муносиб иштирок этишга ҳаракат қиламан.
Ғолиблар танловнинг мамлакат босқичида иштирок этиш ҳуқуқини олиш билан бирга, маданият бошқармасининг диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ,
З. УМУРЗОҚОВ (сурат),
ЎзА