Андижонда ёш шахматчилар беллашмоқда
Андижон шаҳридаги Универсал спорт мажмуасида шахмат бўйича умумтаълим мактаблари ўқувчилари ўртасида Ўзбекистон чемпионати бўлиб ўтмоқда.
Ўқувчи ёшлар ўртасида шахматни ривожлантириш, тарғиб этиш, оммавийлигини ошириш, иқтидорли шахматчиларни аниқлаш ва рағбатлантириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Спорт ишлари, Мактабгача ва мактаб таълими вазирликлари, Ўзбекистон шахмат федерацияси, Андижон вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида ўтказилаётган Ўзбекистон чемпионати баҳсларида Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда республикамизнинг барча вилоятлари жамоалари таркибида 840 нафар ёш шахматчи 6 та ёш тоифаларида иштирок этмоқда.
Чемпионат ўйинлари блиц, рапид ва стандарт йўналишларида ўтказилади. Чемпионликни қўлга киритган иштирокчилар мактаб ўқувчилари ўртасида ўтказиладиган Осиё чемпионатига йўлланмани қўлга киритади.
[gallery-28993]
Айни кунларда барча ёш тоифалари бўйича дастлабки тур ўйинлари ўтказилмоқда.
Чемпионат ўйинлари жорий йилнинг 30 апрелига қадар давом этади.
Ф. Убайдуллаев, З. Умрзоқов (сурат), ЎзА