Андижонда қабул тест синовлари давом этмоқда (+video)
Андижон вилоятида 2026/2027 ўқув йили учун давлат олий ва профессионал таълим муассасаларига қабул тест синовлари белгиланган тартибда давом этмоқда.
Тест синовлари ўтказилаётган ҳудудларда абитуриентлар ва уларнинг яқинлари учун зарур шарт-шароитлар яратилган. Қабул жараёни очиқлик ва шаффофлик тамойиллари асосида ташкил этилган.
Вилоятда тест синовларининг ҳар икки сменасида жами 6 минг нафар абитуриент иштирок этиши режалаштирилган. Имтиҳонларни юқори савияда ўтказиш мақсадида тегишли вазирлик ва идоралар томонидан барча ташкилий ишлар амалга оширилмоқда.
Жорий йилги қабул жараёнининг ўзига хос жиҳати шундаки, мамлакатимизда илк бор муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган ёшлар ҳам олий таълим муассасаларига кириш тест синовларида иштирок этмоқда. Бу уларнинг таълим олиш ҳуқуқини таъминлаш, интеллектуал салоҳиятини юксалтириш ҳамда келгуси касбий фаолияти учун мустаҳкам замин яратишга хизмат қилади.
[gallery-30486]
Андижон гарнизонида муддатли ҳарбий хизматчиларнинг тест синовларида иштирок этиши учун зарур ташкилий чоралар кўрилган. Улар белгиланган тартибда имтиҳон ўтказиладиган ҳудудларга етказилиб, хавфсизлиги ва тест жараёнида ўз вақтида иштирок этиши таъминланмоқда.
Амалдаги тартибга мувофиқ, олий таълим муассасасига талабаликка тавсия этилган муддатли ҳарбий хизматчилар хизматни ўташ даврида биринчи ўқув чорагини масофавий таълим шаклида ўзлаштиради. Ҳарбий хизматни тугатгач, улар иккинчи ўқув чорагидан бошлаб кундузги таълимни давом эттиради.
Андижон вилоятида қабул тест синовларининг адолатли ва шаффоф ўтишини таъминлаш ҳамда абитуриентлар учун муносиб шарт-шароитлар яратиш бўйича ишлар давом этмоқда. Тест синовлари 23 июлга қадар икки сменада ўтказилади.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/T3IKGJLPTVA" title="Andijonda qabul test sinovlari davom etmoqda" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Зуҳриддин УМУРЗОҚОВ (сурат, видео), ЎзА