Андижонда гўшт маҳсулотлари таъминоти кенгайтирилмоқда
ФОТОРЕПОРТАЖ
Андижон вилоятида аҳолини сифатли гўшт маҳсулотлари билан барқарор таъминлаш ҳамда ички бозорда нарх-наво мувозанатини сақлашга қаратилган чора-тадбирлар изчил амалга оширилмоқда.
Шу мақсадда Қозоғистон Республикасидан яхлатилган (тиндирилган) мол гўштини импорт қилиш йўлга қўйилди. Импорт қилинаётган маҳсулот белгиланган тартибда вилоятга мунтазам етказиб келиниб, савдо тармоқлари орқали истеъмолчиларга таклиф этилмоқда.
[gallery-30752]
Режага мувофиқ, ҳар ой Андижон вилоятига юзлаб тонна импорт қилинган мол гўшти етказиб берилиши кўзда тутилган. Бу эса аҳолининг сифатли гўшт маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини қондириш ва бозорда талаб ҳамда таклиф мувозанатини таъминлашга хизмат қилмоқда.
Вилоятда ташкил этилган махсус савдо нуқталарида импорт қилинган мол гўшти аҳолига мақбул нархларда сотилмоқда. Мутахассислар фикрича, бу каби тадбирлар ички бозорда нархлар барқарорлигини таъминлаш ва аҳолини сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.
ЗуҳриддинУМУРЗОҚОВ(сурат),ЎзА