Андижонда энг фаол тадбиркорлар тақдирланди
Андижонда “Маҳалланинг ривожланиши ва ободлигига ҳисса қўшган энг яхши тадбиркор” танлови вилоят босқичи ғолибларини тақдирлашга бағишланган тадбир бўлиб ўтди.
Президентимизнинг жорий йил 18 февралдаги “Жамиятда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, маҳалла институтини янада қўллаб-қувватлаш ҳамда оила ва хотин-қизлар билан ишлаш тизимини янги даражага олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ижроси доирасида ташкил этилган танловнинг вилоят босқичида ҳар бир туман ва шаҳардан бир нафардан белгиланган йўналишда энг яхши фаолият олиб борган 16 нафар тадбиркор иштирок этди.

– Танловнинг асосий мақсади тадбиркорларнинг жамият ҳаётидаги иштирокини янада кенгайтириш, маҳаллаларда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш учун бизнес муҳитини яратишга кўмаклашишга қаратилган, – дейди Андижон витлояти Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бўлим бошлиғи Оминахон Ибрагимова.
– Қолаверса, тадбиркорларнинг ана шу соҳадаги маҳорати, молиявий ва ҳуқуқий билим ва тушунчаларини бойитиш, аёллар ва ёшлар тадбиркорлиги билан боғлиқ илғор тажрибаларни оммалаштиришдан иборат.

Танлов Ишчи гуруҳининг хулосасига кўра, Олтинкўл тумани Миробод маҳалласида фаолият кўрсатаётган “Равон тараққиёт орзуси” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Абдуҳошим Исмоилов биринчи ўринга сазовор бўлди.
“Равон тараққиёт орзуси” масъулияти чекланган жамияти томонидан жорий йилда 1 минг 200 нафарга яқин киши, асосан, ёшлар ва аёллар иш билан таъминланди. Маҳалла ҳудудидаги кам таъминланган оилалар холидан мунтазам хабар олиб турилди.

Айниқса, пандемия даврида 100 дан ортиқ эҳтиёжманд оилаларга ёрдам тариқасида озиқ-овқат ва корхонада ишлаб чиқарилган пойабзал маҳсулотларидан берилди. Шунингдек, 56 та кам таъминланган, ёлғиз яшовчи ва боқувчисини йўқотган оилаларга янги йил совғалари улашилди.
Танловда иккинчи ўрин Шаҳрихон туманидаги Муллабой маҳалласида фаолият олиб бораётган якка тартибдаги тадбиркор Отабек Саматовга, учинчи ўрин эса Жалақудуқ туманидаги Қиличмазор маҳалласида иш олиб бораётган “Равон тараққиёт орзуси” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Одинахон Ғозиевага насиб этди.

Кўрик-танловнинг ғолиб ва совриндорлари вилоят Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармасининг диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Шунингдек, тадбирда маҳаллалар билан яқин ҳамкорликда иш олиб бораётган корхона ва ташкилотлар раҳбарлари ҳамда маҳалла тизимида ишлаб, хайрия, меҳр-саховат ишларини амалга ошираётган, мазкур йўналишдаги ишларни ташкил этишда намуна бўлаётган бир гуруҳ фуқаролар ҳам рағбатлантирилди.

Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ, З. УМРЗОҚОВ (сурат), ЎзА