Андижон вилояти делегациясининг Оролбўйига ташрифи
Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов раҳбарлигидаги делегация Қорақалпоғистон Республикасига келди.
Нукус халқаро аэропортида меҳмонларни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М.Камалов, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси Қ.Сариев кутиб олди.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг топшириғига асосан Оролбўйи аҳолиси турмуш фаровонлигини юксалтириш, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, янги тадбиркорлик субъектларини ташкил этиш орқали иш ўринлари яратиш, аҳолини қийнаётган турли муаммоларни бартараф этиш мақсадида Қорақалпоғистон Республикасининг Кегейли тумани Андижон вилоятига бириктирилган эди. Андижонлик тадбиркорлар томонидан 2022-2023 йиллар давомида умумий қиймати 604 миллиард сўм бўлган 23 та лойиҳани амалга ошириш режалаштирилган. Ушбу лойиҳалар ҳисобига 1 минг 700 та янги иш ўрни яратилади.

Делегеция аъзолари дастлаб “Макро Фарм Андижон” масъулияти чекланган жамиятининг фармацевтика лойиҳаси қурилишига тамал тошини қўйиш маросимида иштирок этди. Шундан сўнг тумандаги “Заҳириддин Муҳаммад Бобур” номли ахборот кутубхона марказининг очилиш маросими бўлди. Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М.Камалов, Андижон вилояти ҳокими Ш.Абдураҳмонов сўзга чиқиб, йиғилганларни янги кутубхона марказининг очилиши билан қутлади.

Ташриф давомида “Халқобод” маҳалла фуқаролар йиғинидаги ободонлаштириш ишлари билан танишиш, 2022-2023 йиллар давомида амалга ошириладиган лойиҳалар тақдимоти, туман марказий ўйингоҳида Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда Андижон вилояти санъат усталари иштирокидаги концерт дастури ва бошқа тадбирлар ўтказилиши режалаштирилган.

Довуд АБИБУЛЛАЕВ,
Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА