Андижон табиат гўзаллиги оғушида
Беғубор табиат, унинг гўзалликлари инсонга улкан неъматлар – саломатлик, хуш кайфият, руҳий сокинлик ҳадя этади, қалбига гўзал, бетакрор ва унутилмас туйғуларни муҳрлайди.
Бугун Андижонга ташриф буюрган ҳар қандай кишининг қалбида ана шундай туйғулар жўш уради, она заминнинг ўзига хос гўзаллигидан, кўча ва боғларнинг тароватидан баҳраманд бўлади.
Шу кунларда Андижоннинг кўча ва хиёбонлари павловния гулларига бурканган. Чор-атроф ўзининг гўзаллиги, ажиб таровати билан кишини ҳайратга солади. Чунки бундан беш-олти йил аввал вилоят ҳокими ташаббуси билан Андижон шаҳри кўчалари, боғ ва хиёбонларига ўтказилган, бугун барқ уриб ўсаётган манзарали павловния дарахтлари ўзининг гўзал манзараси билан одамлар қалбига кўтаринкилик, табиат гўзаллигига ошуфталик туйғуларини улашмоқда.
Президентимиз ташаббуси билан юртимизда амалга оширилаётган “Яшил макон” лойиҳаси доирасида вилоятда ўтган йиллар давомида ўн миллионлаб туп манзарали, мевали дарахт ва гул кўчатлари экилди. Биргина ўтган 2025 йилда вилоятда 21 миллион 270 минг тупдан ортиқ кўчат ўтказилди. 2016 йилда вилоятнинг яшиллик даражаси 8,3 фоизни ташкил этган бўлса, ўтган йиллар давомида ушбу кўрсаткич 14,1 фоизга етди. Бу борадаги ишлар изчил ва тизимли равишда давом этмоқда. 2030 йилга қадар вилоятнинг яшиллик даражасини 30 фоизга етказиш мақсад қилинган.
Павловния дарахти асосан, Жанубий-Шарқий Осиё мамлакатлари – Хитой, Корея, Тайван, Лаос, Вьетнам давлатларида ўсади. Кейинги йилларда павловния манзарали дарахт сифатида дунёнинг жуда кўп ҳудудлари, хусусан, Ўзбекистонда ҳам кенг тарқалди.
Павловния дунёдаги энг тез ўсувчи дарахтлардан бири ҳисобланади. Одатда павловниянинг баландлиги 10–25 метрга етади. Баҳор фаслида гуллайди, гуллари бинафша-ёруғ тусда, чиройли кўринишга эга бўлади. Бундан ташқари, кўп миқдорда кислород ишлаб чиқаради, ҳавони тозалашда муҳим роль ўйнайди.
Павловниянинг ана шу жиҳатлари ҳисобга олиниб, 2019 йилдан буён Андижон вилоятининг турли ҳудудлари, хусусан, Андижон шаҳрига ушбу дарахт кўчатлари экиб келинмоқда. Умуман, бугунги кунда вилоят ҳудудида 160 минг тупдан зиёд павловния дарахти мавжуд.
[gallery-28478]
Айни кунда гуллаган павловния Андижон шаҳрининг Алишер Навоий, Амир Темур шоҳкўчалари, Олтинкўл, Мустақиллик, Ниҳол, Юсуф Отабеков, Камолот, Тошкент сингари қатор кўчаларга ўзгача чирой, гўзал манзара бахш этмоқда. Андижонда ўтказилаётган “Павловния гуллари остида оқшомлар” фестиваль-сайллари аҳолига кўтаринки кайфият улашмоқда.
30 мартдан 10 апрелга қадар давом этадиган фестиваль-сайллардан кўзланган асосий мақсад, шаҳарнинг гўзал ва ўзига хос манзарасини, ободлигини тарғиб қилиш, сайёҳларни жалб этиш, андижонликлар ва шаҳар меҳмонларига кўтаринки кайфият улашиш, уларнинг қалбида она табиатга муҳаббат туйғуларини янада мустаҳкамлашга қаратилган.
Фестиваль-сайллар доирасида таниқли санъаткорлар иштирокида концерт дастурлари, кўнгилочар тадбирлар ўтказилади, оммавий юриш, марафон, ҳунармандчилик маҳсулотлари кўргазмалари ҳам ташкил этилади.
Ф.Убайдуллаев, З.Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари.