“Андижон полькаси” қандай яратилган?
Ватанимиз тарихидаги 4 март санаси билан боғлиқ айрим воқеалар баёни.
1194 йил (бундан 831 йил олдин) – ануштегинийлар сулоласидан бўлган Хоразм шоҳи, Жалолиддин Мангубердининг бобоси Такаш Салжуқийларнииг сўнгги султони Тўғрул III устидан Теҳрон ёнидаги Рай шаҳри яқинидаги жангда ғалабага эришди. Такаш Тўғрул III нинг бошини Бағдодга юбориб, шаҳар деворига осдириб қўйган.
1891 йил (бундан 134 йил олдин) – актёр, созанда (гармончи), Ўзбекистон халқ артисти Орифжон гармон Тошматов таваллуд топди (вафоти 1944 йил). У 1918 йилларда Андижондаги тарқоқ санъаткорларни йиғиб “Саноий нафиса” уюшмасини тузади. Худди ўша уюшма асосида 1920 йилда Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий бугунги Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги Андижон мусиқали драма ва комедия театрини ташкил этди. Орифжон Тошматов ўзбек профессионал театрига халқ театрининг саҳна ва мусика анъаналари сингдирилишига ҳисса қўшган. У гармонда “Абдураҳмонбеги”, “Муножот”, “Ором”, “Танавор”, “Дилхирож” ва бошқа ўзбек куйларини, “Насруллойи”, “Бузрук”, “Наво” сингари мақом йўлларини нафислик билан ижро этган.
Орифжон Тошматов ўтган асрнинг 20-йилларида Андижон ва Асака шаҳрида фаолият кўрсатган. У кўплаб хорижий мамлакатларда бўлиб, ўз ижодини намойиш этган. Авазбек Маҳмудовнинг қайд этишича, ана шу сафарлар чоғида Ориф гармон ҳар бир халқнинг миллий рақсини ифода этувчи куйи – полькаси, тангоси борлигини кўрган. У ўзига: “Нега бизнинг полькамиз ёки тангомиз йўқ?” – дея савол беради ва шу тариқа тез орада “Андижон полькаси” яратилди.
Маълумот ўрнида қайд этиш жоизки, “Андижон полькаси” куйи яратилганининг 100 йиллиги ҳамда шу номдаги халқ рақс ансамбли ташкил этилганининг 65 йиллиги муносабати билан Андижон вилоятида 2022 йил 25 апрелдан бошлаб “Андижон полькаси” ойлиги эълон қилинган эди.
1921 йил (бундан 104 йил олдин) –Москвада Россия ваБухоро республикалари ўртасида Иттифоқ шартномаси тузилди. Шартномани Россия номидан Ташқи ишлар халқ комиссари ва унинг ўринбосари, Бухоро номидан Бухоро Республикасининг Россиядаги фавқулодда миссияси вакиллари имзолади. Шартнома 17 моддадан иборат эди. Бу шартнома мустақил сиёсат юритишга ҳаракат қилаётган ёш Бухоро давлати арбоблари фаолиятини муайян даражада чеклашга олиб келди.
1921 йил (бундан 104 йил олдин) – тахтдан ағдарилган, давлати тугатилган, ўзи бир қатор жангларда мағлубиятга учраган Бухоронинг собиқ амири Олимхон Амударёнинг Чубек деган жойидан Афғонистон давлатига ўтиб кетди. Унга ўзининг 300 нафар амалдорлари ва 200 нафар навкарлари ҳамроҳлик қилди. Бу ҳакда собиқ амир ўзининг кейинчалик ёзган “Бухоро халқининг ҳасрати тарихи” номли эсдаликларида батафсил фикр юритади.
Ушбу хотиралардан маълум бўладики, Бухоронинг сўнгги ҳукмдори Олимхоннинг Афғонистонга кетишдан асл мақсади ўз оиласи, аёллари ва болаларини саранжом қилиш, жанг тайёргарлигини кўриш, Афғонистон ва бошқа мусулмон мамлакатларидан совет Россияси ва большевикларга қарши курашда кўмак олиш эди. У Афғонистонда доимий яшаб қолишни ният қилмаган эди.
Олимхонни Кобулда Афғонистон амири Омонуллахон қабул қилиб, доимий яшаши учун унга Қалъаи Фотуда махсус қароргоҳ ажратиб беради. У Кобулда яшаса ҳам Бухородаги озодлик ҳаракатига ғоявий жиҳатдан раҳбарлик қилишда давом этди, қўрбошилар ва уламоларга турли мактублар ва қимматбаҳо совғалар жўнатиб, уларни курашга илҳомлантирган.
Олимхон Кобулда ўзининг эсдаликларини ёзиб тугаллади. Умрининг охирида кўзи ожизланиб қолади, оғир дардга чалинади. Узоқ давом этган хасталиклардан сўнг у 1944 йилда Қалъаи Фотуда вафот этади. Бухоронинг сўнгги амири Кобул атрофидаги қабристонга дафн этилган.
1992 йил (бундан 33 йил олдин) – Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигида Ўзбекистон Республикаси билан Туркия Республикаси ўртасида дипломатик муносабат ўрнатиш тўғрисидаги Протокол, шунингдек, икки Республика ўртасида дипломатия соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисидаги Протокол имзоланди.
1993 йил (бундан 32 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасининг «Соғлом авлод учун» орденини таъсис этиш тўғрисида”ги фармони қабул қилинди. Мазкур фармон билан тасдиқланган Низомга мувофиқ, «Соғлом авлод учун» ордени билан фуқаролар оналик ва болаликни муҳофаза қилишдаги, соғлом авлодни камол топтириш учун энг яхши моддий шароит ва ахлоқий муҳитни таъминлашдаги алоҳида хизматлари учун мукофотланадилар. «Соғлом авлод учун» ордени икки даражадан иборат.
1996 йил (бундан 29 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасида Фавқулодда вазиятлар вазирлигини ташкил этиш тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.
2000 йил (бундан 25 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “«Ўзчармсаноат» уюшмасини ташкил этиш ва унинг фаолияти масалалари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
2020 йил (бундан 5 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Спорт турлари бўйича терма жамоалар таркибига спортчиларни саралаб олиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Қарорга мувофиқ, ҳудудларнинг ўзига хос хусусиятлари, аҳолининг қизиқишлари ва хоҳиш-истакларидан келиб чиқиб, мактаблар, олий таълим муассасалари камида биттадан устувор, истиқболли, ривожланаётган, шу жумладан, миллий спорт турларига ихтисослаштирилиши белгиланди.
2021 йил (бундан 4 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2021 – 2025 йилларда фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармони қабул қилинди. Фармон билан, белгиланган йилларда фуқаролик жамиятини ривожлантиришнинг мақсадли кўрсаткичлари тасдиқланди. Фармон асосида нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятининг очиқлик индекси жорий қилинди. Шунингдек, нодавлат нотижорат ташкилотларининг Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва унинг қўмиталари (комиссиялар) мажлисларида иштирок этувчи доимий вакили институти жорий этилди.
2024 йил (бундан 1 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Статистика агентлиги фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Президентнинг 2025 йил 24 февралдаги фармони билан Президент ҳузуридаги Статистика агентлиги Миллий статистика қўмитаси сифатида қайта ташкил этилди.
2024 йил (бундан 1 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Қишлоқ ҳўжалиги билан шуғулланувчи туманларнинг 2025-2030 йилларга мўлжалланган ер тузиш чизмаларини ишлаб чиқиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Алишер ЭГАМБЕРДИЕВ тайёрлади