“Андижон полкаси” — Гиннеснинг рекордлар китобига кириши кутилмоқда
Андижонда бугун нафақат байрам кайфияти, балки тарихий лаҳзаларга гувоҳ бўлиш ҳаяжони ҳам ҳукм сурмоқда.
Асрлар давомида халқимизнинг шодон руҳи, миллий ғурурини ўзида мужассам этган машҳур “Андижон полкаси” энди жаҳон миқёсида эътироф этилиш арафасида. ТУРКСОЙ ташаббуси, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ва Андижон вилояти ҳокимлиги қўллаб-қувватлови билан ушбу миллий рақсни Гиннеснинг рекордлар китобига киритиш бўйича йирик маданий тадбир ташкил этилди.

Маълумки, туркий халқларнинг кўп асрлик тарихи, бой маънавий мероси ва бетакрор маданияти инсоният цивилизациясининг муҳим қисми ҳисобланади. Шу меросни асраб-авайлаш ва кенг тарғиб қилиш мақсадида Халқаро туркий маданият ташкилоти — ТУРКСОЙ томонидан ҳар йили туркий давлатлардан бири “Туркий дунёнинг маданият пойтахти” деб эълон қилинади.


2025 йил Қозоғистоннинг Оқтау шаҳрида бўлиб ўтган ТУРКСОЙ Доимий кенгашининг 42-йиғилишида қабул қилинган қарорга мувофиқ, Андижон 2026 йилда Туркий дунёнинг маданият пойтахти деб эълон қилинди.

Шу муносабат билан жорий йилнинг 24–25 июнь кунлари Андижон вилоятида катта маданий дастурлар ташкил этилмоқда. Тадбирлар доирасида туркий халқларнинг мусиқаси, миллий рақслари, халқ қўшиқлари, театрлаштирилган саҳна кўринишлари ва замонавий мультимедиа намойишлари орқали умумий маданий мерос тарғиб этилмоқда.

Бу йилги энг катта воқеалардан бири — “Андижон полкаси” рақсини Гиннес рекордлар китобига киритиш ташаббуси бўлди. Андижон ўйингоҳига йиғилган минглаб иштирокчи томонидан “Андижон полкаси” миллий рақси намойиш этилди.

Ушбу рақс халқаро экспертлар томонидан кўриб чиқилиб, натижаси тез орада эълон қилинади.
Нигора Раҳмонова, Фахриддин Убайдуллаев,
Зуҳриддин Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари