Андижон давлат университетида хайрли ташаббус
Андижон давлат университети ректори Акрамжон Юлдашев ижтимоий ҳимояга муҳтож ҳамда "Темир дафтар"га киритилган оилалар фарзандлари, шунингдек, бир гуруҳ иқтидорли, республика миқёсидаги танловларда ғолиб бўлган талабалар билан учрашув ўтказди. Тадбирда талаба ёшлар билан суҳбатлашилди, уларнинг келажакдаги режалари ҳақида фикр алмашилди.
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан кейинги йилларда мамлакатимизда ёшларга оид давлат сиёсатида туб бурилишлар ясовчи қатор фармон ва қарорлар қабул қилинди. Ёшларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, ўз иқтидор ва салоҳиятларини намоён этишлари учун жуда кенг имкониятлар яратиб берилди.
Айниқса, ижтимоий ҳимояга муҳтож ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг муаммоларини бартараф этиш бўйича мутлақо янги тизим йўлга қўйилди. Ана шу йўналишда Андижон давлат университетида ҳам эътиборга молик ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, университетда таҳсил олаётган чин етим, ижтимоий ҳимояга муҳтож талабалар доимий равишда қўллаб-қувватланмоқда.
[gallery-3533]
Учрашувда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорига асосан, Андижон давлат университетини тамомлаётган 4 нафар битирувчига университет маблағлари ҳисобидан базавий ҳисоблаш миқдорининг 105 баробари миқдорида, яъни 25 миллион 725 минг сўмдан бир марталик рағбатлантириш маблағи топширилди.
- Ушбу рағбатдан кўнглим тоғдай кўтарилди, - дейди университетнинг хорижий тиллар факультети битирувчиси Моҳинур Абдулҳошимова. - Энди ҳаётда, жамиятда ўз ўрнимни топиш, ишлаб, мен каби ёшларга кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрликка муносиб бўлишга, юрт корига ярашга астойдил ҳаракат қиламан.
Шунингдек, университетда таҳсил олаётган “Темир дафтар”га киритилган оилалар фарзанди бўлган 38 нафар талабага 3 миллион 736 минг 500 сўмдан, “Аёллар дафтари”га киритилган 8 нафар талаба-қизга 2 миллион 989 минг 200 сўмдан, “Ёшлар дафтари”га киритилган 10 нафар талабага 2 миллион 241 минг 900 сўмдан моддий ёрдам кўрсатилди.
Бундан ташқари, бир гуруҳ иқтидорли талабалар ҳам муносиб рағбатлантирилди. Жумладан, 30 июнь - "Ёшлар куни"га бағишланиб “Янги Ўзбекистон ёшлари бирлашайлик!” шиори остида ўтказилган “Талаба ва ёшлар форуми” доирасида ташкил этилган “Нима? Қаерда? Қачон?” республика интеллектуал турнирида 1-ўринни эгаллаганлиги учун университетнинг "Универсал" жамоаси аъзолари 14 миллион 700 минг сўм, Қувноқлар ва Зукколар” республика кўрик-танловида муваффақиятли иштирок этиб, ғолиб бўлганлиги учун “Универсал” қувноқлар ва зукколар жамоаси 13 миллион 475 минг сўм миқдордаги пул мукофоти билан тақдирланди.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ, З. УМРЗОҚОВ (сурат), ЎзА