Андиз ўсган ерларда отлар бевақт ўлмагай...
Қарор ва ижро
Бу кўҳна дунёдаги элу элатларнинг феъли қизиқ. Кимларгадир сигир худо даражасида бўлса, кимларгадир ит қадрли, яна аллакимларга айиқ полвон. Аммо табиатнинг ноёб жонзоди бўлган отларга барча-барчанинг эътибори, меҳри бўлакча.
Кексаларимиз отнинг деви бор, дейишади. Ҳақ гап. Тулпорларнинг ғоз туриши-ю, маҳобат билан юришида-да бир сеҳр бордек, гўё. Гапнинг ростини айтганда, бундан 5-10 йиллар нарисида юртимизда отлар анча камайиб кетганди. Ҳар бир қишлоғу овулларда нари-бериси билан 3-4 та улоқчи отлар бўлса бўларди, бўлмаса у ҳам йўқ эди. Ҳатто айрим қишлоқларда кундузи чироқ ёқиб ҳам бирон бир отни тополмасдингиз. Пойтахтимиздаги от спортига ихтисослашган олий маҳорат мактабидаги отлар сифати 2010-2015 йиллар мобайнида ачинарли кўринишга келиб қолганди.
Мамлакатимизнинг етакчи олимпия коллежларидаги от спорти бўлимлари тугатилиб, мавжуд жиҳозлар, отхоналар таг-туги билан йўқ қилинганди. Юртимизнинг Сурхондарёю Жиззахида, Тошкенту водий томонларда яккам-дуккам улоқ- кўпкари мусобақалари ўтказиларди. Ўтказилгандаям, тўполону талотўп билан ким қандай ғолиб бўлганлигини билиб- билмай оломон тарқаларди. Ўша кезлар мамлакатимизда от спорти бўйича спорт тақвим режасидаги айрим чемпионату биринчиликлар фақат қоғозларда қолиб кетарди. Эътиборсизлик, ўзибўларчилик, рағбат ва рақобатнинг йўқлиги ва яна бир қатор омиллар оқибатида отсизу чавандозсиз мамлакатга айланиб қолишимизга бир баҳя қолгандик.
Шукрки, 2017 йили йилқичилик ва от спорти масаласи давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг эътиборига тушди. Айнан шу йили Ўзбекистон Республикаси Президентининг йилқичилик ва от спортини ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирдлар тўғрисидаги қарори чавандозларнинг кулга айланаётган орзу “қозони”ининг остидаги гулханга илинж ўтини қалади. Кўнгиллар ёришди. Инқироз ёқасига келиб қолган от спорти тизимига қуёш муралагандай бўлди. Давлатимиз раҳбарининг кўрсатмаси асосида Фарғона, Қашқадарё вилоятларида наслли отларни кўпайтириш ва парваришлаш комплекслари вужудга келтириладиган бўлди.
Бу саъй-ҳаракатлар йилқичилик ва от спорт турларидаги муаммоларни бутун бўйи-басти билан кўрсатиш билан бирга, янги йўналишларни жадаллик билан тараққий эттиришни тақозо этарди. Ўтган 3 йил мобайнида жисмоний тарбия ва спорт тизимини ривожлантириш тўғрисида йигирмадан ортиқ қарорлар, дастурлар, “йўл харита”лари ишлаб чиқилган бўлса, шундан камида 5-6 таси билвосита йилқичилик ва от спорт турларини оммалаштиришга, унинг моддий-техник базасини мустаҳкамлашга, ёшлар ўртасида ушбу соҳани кенг оммалаштиришга тааллуқли бўлди.
Жорий йилнинг 11 мартидаги Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Йилқичилик ва от спортини янада ривожлантириш ҳамда замонавий бешкураш ва поло спорт турини оммалаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, ушбу спорт турлари ривожланишининг яқин ва узоқ муддатли истиқболларини белгилаш ва оммалаштириш, улар бўйича миллий терма жамоамизнинг олимпия ва паралимпия, Осиё ва параосиё ўйинларида, жаҳон чемпионатларида ва бошқа йирик мусобақаларда иштирок этиши, юқори натижаларга эришишини таъминлаш мақсадида бу спорт турларини 2025 йилгача ривожлантириш давлат дастурининг қабул қилинганлиги соҳа тараққиётида сув ва ҳаводек зарур ишларнинг бажарилишига қўш қанот бағишлади.
Қарорда белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида, давлат дастурида кўрсатиб ўтилганидек, жорий йилнинг сентябридан эътиборан от спортининг от йўрттириш тури бўйича Тошкент вилоятида «O‘zbekiston Respublikasi Prezidenti kubogi uchun», от спортининг тўсиқлардан сакраш (конкур) тури бўйича Қашқадарё вилоятида «Qarshi Open», Тошкент шаҳрида «Millatlar kubogi» халқаро турнирларини, замонавий бешкураш бўйича Тошкент шаҳрида «O‘zbekiston Respublikasi Prezidenti kubogi uchun», «Tashkent Open», «Central Asian Cup», ушбу спорт турининг лазер-ран йўналиши бўйича «Central Asian Championship» халқаро турнирларини, поло бўйича Тошкент вилоятида «Amirsoy-Polo Cup», Қашқадарё вилоятида «Kok-Saray Cup», Тошкент шаҳрида «Tashkent Open» халқаро турнирларини ташкил қилиш кўзда тутилмоқда.
Дарвоқе, поло спорт тури хусусида. Йилқичиликни ривожлантириш ва от спорти турларини ёшлар орасида оммалаштириш масалаларининг кун тартибига чиқиши, ўз-ўзидан поло ўйинининг “бобо ватани”га қайтишига замин тайёрлади. Кўпчилик поло спортининг ватани Англия бўлса, унинг бизга, Ўзбекистонга қандай алоқаси бор, дейиши мумкин. Бу табиий савол. Ҳақиқатан, полонинг қонун-қоидаси, спорт терминалогияси инглизларга тегишли. Лекин уни европаликлар Ҳиндистондан ўзлаштирганлигидан айримлар бехабар шу пайтгача. Ҳиндистонга поло спорт турининг “отаси” бўлган чавгон ўйинини эса Ўрта Осиёдан бобокалонларимиз –туркийлар, аниқроғи бобурийлар олиб боришган.
Бу ҳақдаги маълумотлар ҳазрат Бобурнинг “Бобурнома” асарида аниқ-тиниқ тарзда баён этилганки, биз бемалол қўштирноқларсиз поло асл ватанига қайтмоқда, дейишимизга асослар етарли.
Мазкур қарор дастурига мувофиқ юртимизда бир қатор поло мусобақаларининг ташкил этилиши, Ўзбекистон поло спорти инфратузилмасининг яратилишига эришиш орқали бир тарафдан мамлакатимизнинг халқаро майдондаги обрў-эътибори ошишига, иккинчи томондан, юртимиз ёшларининг ота-боболаримиздан мерос човгоннинг замонавий йўналиши полога ошно тутинишига, унинг оммавийлигига ва, энг муҳими, миллат генофондининг соғломлигини таъминлашга эришилади.
Юртимизда поло спорт федерациясининг ташкил этилганига кўп бўлгани йўқ. Ўтган йилнинг 3- чорагида ўз фаолиятни бошлаган Ўзбекистон поло спорт федерацияси қисқа фурсатда бир қатор лойиҳаларни амалга оширди. Хорижий мутахассислар чорланди. Улар билан йиллик шартномалар имзоланди. Ўқув-машғулотлар ўтказилди ва ўтказилмоқда. Бир неча бор қишки ва ёзги поло бўйича турнирлар ташкил этилди. Ўнлаб ёшлар поло машғулотларига, мусобақаларга жалб қилинди.
Бундан бир неча йиллар муқаддам отларнинг келиб чиқиши бўйича изланишлар олиб бораётган германиялик тадқиқотчи Вера Вармут немис матбуотида “отлар илк бора Марказий Осиёда қўлга ўргатилган”, деган фикрни илгари суриб, уни ўз тадқиқотларида исботлаб берган эди.
Бундан ташқари, Ҳитой манбаларида Фарғонанинг учар тулпорлари ҳақида бири-биридан қизиқарли маълумотлар учрайдики, отлар том маънода ота-боболаримиз ҳаёт тарзининг ажралмас қисми бўлганлигини англайсиз ва бундан шу элнинг фарзанди сифатида қалбан ғурур туйғусини туясан, киши.
Ўзбекистонда поло спорт турини оммалаштириш борасида шу кунларда франциялик халқаро тоифадаги поло мураббийи Камал Абдел Зири фаолият кўрсатаётган бўлса, ушбу спорт бўйича махсус таълимни олган фарғоналик ва қашқадарёлик икки нафар мутахассис ҳам юртимиздаги бир нечта полога ихтисослашаётган мактабларда ёшларга унинг техникаси, тактикасини ўргатмоқда. Мақсад ҳудудларда поло клублари, гуруҳлари сонини ошириш орқали мусобақалар ташкиллаштиришни кўпайтириш.
Эътиборли жиҳати, мамлакатимизда полони оммалаштириш борасидаги ишлар Халқаро поло федерацияси(FIP)нинг ҳам назарига тушди. Бундан бир неча ой муқаддам FIP раҳбари Горацио Ареко Ўзбекистон поло федерацияси ташкил этилганлиги муносабати билан табрик йўллади ва халқаро федерация томонидан қўллаб-қувватлаш ва поло жиҳозларини етказиб беришда амалий ёрдам кўрсатишини билдирди, дея хабар тарқатмоқда Ўзбекистон поло федерацияси матбуот хизмати.
Албатта, юртимизда жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги ҳар қандай хайрли ишнинг дунё миёсидаги ташкилотлар томонидан эътироф этилиши ва улар билан манфаатли ҳамкорлик алоқаларининг ўрнатилиши Ўзбекистоннинг халқаро спорт имижи юксалишига ижобий таъсир кўрсатиши, шубҳасиз. Жаҳон халқлари ўртасида интеграция жараёни жадаллик билан кечаётган бир пайтда давлатимиз томонидан йилқичилик, от спорт турларини оммалаштириш борасида жонфидолик қилиниши, қарор ва дастурлар ишлаб чиқилиши ва шу асосда юрт эртаси бўлган ёшларни от спорти турларига кенг жалб қилишдан кўзланган асосий мақсад янги авлодни ҳар томонлама салоҳиятли этиб камолга етказиш ва жонажон Ватанимизни ривожланган давлатлар сафига олиб чиқишдир.
Бундан икки йил муқаддам хизмат сафари билан Қашқадарёга борганимизда от спортининг жонкуярларидан бири, Қашқадарё вилоят йилқичилик, улоқ-кўпкари ва от спорти федерацияси ижрочи директори Илҳом Чоршанбиев билан кўришиб қолганимизда полвон ўшанда ажиб бир қувонч билан “Энди от спортининг ҳам елкасига шамол тегади, Президентимизнинг йилқичиликни ривожлантириш тўғрисидаги қарори айни муддао бўлди. Энди одамлар йилқичиликка қизиқишни бошлайди. Отга меҳр қўйган инсоннинг эса ҳамиша омади келади”, дея ҳаяжонини яширолмаганди.
Бугун яна у билан боғландик. Давлатимиз раҳбарининг йилқичилик, от спорт турлари тўғрисидаги қарори хусусидаги фикрлари билан қизиқдик.
–Кеча ҳафта Қашқадарёнинг Деҳқонободу Қамашисида от спортининг 4 та йўналиши бўйича мусобақа ўтказдик. Тумонот одам. Кекса чавандозларнинг қувончи бир олам. Қамашилик 80 ёшли Асад бобо Улашев каби фахрий чавандозларнинг хуррамлигини сўз билан ифода этолмайман. От изини той босар, деганларидек, йилқичиликка давлат томонидан эътибор натижасида бугун юртимизда ёш чавандозлар сафи кенгайди. Олдинлари чавандозлик мусобақаларида ҳар бир тумандан кўпи билан 4-5 нафар иштирокчи бўлган бўлса(айрим ҳудудларда чавандозлар умуман йўқолиб кетганди), бугунга келиб 10-15 нафар, ҳатто бир тумандан 30 нафардан ошиқ қатнашчи келмоқда. От спортига бу қадар юксак эътибор берилиши оддий одамлар ҳаётида ҳам акс этмоқда. Билсангиз, қишлоқларда одамларнинг отга бўлган эътибори пасайиб кетувди. Ҳозир от оламан, фарзандимни от спортига, чавандозликка ўргатаман, деган ота-оналар сафи кенгайди. Бу нимадан далолат? Бу, халқимизнинг эртанги кунга ёруғ орзулар билан интилаётганидан, катта-катта истагу ниятларни қалбига жо қилаётганидан нишона. Кўрасиз, яна 4-5 йил оралиғида нафақат Қашқадарёда, балки мамлакатимизнинг бошқа ҳудудларидаги қишлоқ ва овулларидаги хонадонларнинг ҳар 4 тасидан биттасида албатта от бўлади. Оти бор хонадонга эса ҳамиша барака, ризқ ёғилиб туради. Шу маънода, ушбу қарор биргина спорт турининг ривожига эмас, оддий инсонларнинг турмуш тарзига, уларнинг ҳаётга бўлган муносабатига ҳам ижобий таъсир кўрсатмоқда, – дейди И. Чоршанбиев.
Ҳақиқатан, от спорти тимсолида мамлакатимизда халқимизнинг азалий анъана ва одатлари тикланмоқда. Юртимизда йилқичилик тармоқлари кенгаймоқда. Муҳими, инсонларнинг кайфиятида тулпорлар шиддатига ҳамоҳангликка замин ҳозирланмоқда.
Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2021 йилнинг 1 июль ҳолатига кўра, республикамизда 250,6 минг бош от мавжуд. Бу ўтган йилнинг шу даври билан солиштирилганда 9,6 мингтага, яъни 4 фоизга кўпайганидан далолат. Айни ҳолатни ҳудудлар кесимида оладиган бўлсак, Қорақалпоғистон Республикасида 26,5, Андижонда 6,8, Бухорода 6,5, Жиззахда 27,3, Қашқадарёда 32,6, Навоийда 20,3, Наманганда 6,6, Самарқандда 26,4 ва Сурхондарёда 14,9 фоизни ташкил қилмоқда. Агар мазкур кўрсаткични 2010 йиллар оралиғи билан таққослайдиган бўлсак, 2017 йилдан эътиборан Ўзбекистон йилқичилик тизимида бутунлай бошқа манзара кўзга ташланади.
Эсимда, бундан 30-40 йиллар бурун мамлакатимизнинг кўплаб қишлоқ ва овулларида отсиз ёки тулпорларга дахлдор бўлмаган хонадону ҳовлини учратиш амримаҳол эди. Далаларда сурув-сурув тулпорлар юрарди. Қишлоқларда ҳар уч йигитнинг бири албатта кўпкари-улоқ чопарди ёки от пойгасида қатнашарди. От минмаган йигит йўқ эди деярли. У замонларнинг қанча сувлари оқиб кетди. Бугун юртимизда ўтказилаётган от спорт турлари мусобақаларида совриндор бўлиб, кўпнинг олқишини олиб, давраларга завқу шавқ бағишлаб юрган “Олтин”, “Соф”, “Қашқа”, “Саман” “Дев”, “Жайрон”, “Кийик” лақабли отларнинг чопоғон аждодлари гўштлик учун суйиб юборилганда уввос солиб йиғлаган чавандоз боболаримизни кўриб ичимиз зил-зил кетган пайтлар бўлганди...
Умри от устида ўтган боболар бу ёлғончи дунёни армон билан тарк этиб кетганига кўп замонлар бўлди. Улар бу шукуҳли, отлар қадр топаётган кунларни кўрмай кетди, афсус... Бироқ, шукрки,бугун азалий қадриятимиз, урф-одатимиз бўлган йилқичилик, от спорт турлари эътибор топмоқда, эъзозланмоқдаки, шоядки, суворий боболаримизнинг руҳлари шод бўлса...
Йилқичиликни, от спорт турлари ва полони ривожлантириш тўғрисидаги қарор ва кўрсатмалар доирасида амалга оширилажак ишлар қамрови беқиёс. Фақат буни идрок этмоқ, миллат ва мамлакат манфаатига хизмат қиладиган, унинг тараққиёти, янги Ўзбекистоннинг порлоқ ва фаровон келажагига қўйиладиган мустаҳкам пойдевор тимсолида эътибор кўрсатилиши мутасадди ва мутахассисларнинг саъйи-ҳаракатига, отларга бўлган меҳру муҳаббатига боғлиқ.
Зотан, барҳаёт битиклари билан халқимиз қалбидан жой олган миллатпарвар шоиримиз Азим Суюн таъбири билан айтганда:
Андиз ўсган ерларда отлар бевақт ўлмағай,
Яхши бўлса аёллар эрлар юзи сўлмағай.
Қайси юртда чинакам ботир эрса йигитлар,
Ўша юртнинг эллари ёвларга қул бўлмағай.
От минмаган от минса,чопа-чопа ўлдирар,
Боғ кўрмаган боғ кўрса,пайҳон қилар, сўлдирар.
Ҳушёр бўлгил, жон элим,элдай сақла элингни,
Ёвларингга қўл берсанг паймонангни тўлдирар.
Бош кесилса, ёронлар,сочга мотам тутилмас,
Қон қусилса, ёронлар, ичга сувдек ютилмас.
Қай бир миллат тупроғин топтар экан маккор ёв,
Ўзлигин билганларнинг бахти асло бутунмас!
Арғумоқларга мининг,ғолиб қилич ёр бўлсин!
Бу дунёда ҳар кимнинг ўз Ватани бор бўлсин!
Тўлқин Рўзиев, ЎзА