Анъанавий ҳамда замонавий илмий ёндашувлар уйғунлиги
Бухоро азалдан нафақат Шарқ цивилизациясининг йирик марказларидан бири, балки инсониятнинг ноёб маданий бойликлари сақланиб келаётган муқаддас маскан сифатида ҳам эътироф этилади. Бугунги кунда вилоятда жами 829 та моддий-маданий мерос объекти давлат муҳофазасига олингани, 1993 йилда UNESCOнинг Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган тарихий марказ ҳудуди 216 гектар, муҳофаза ҳудуди эса 339 гектар этиб белгилангани бу ҳудуднинг нечоғлик юксак аҳамиятга эга эканини яна бир бор тасдиқлайди.
Қадимий обидалар, музей фондларида сақланаётган минглаб ноёб экспонатлар нафақат маҳаллий аҳоли, балки хорижлик сайёҳ ва тадқиқотчиларни ҳам ҳайратга солиб келмоқда. Айниқса, кейинги йилларда Франциянинг етакчи музейлари ва реставрация марказлари билан йўлга қўйилган ҳамкорлик алоқалари Бухоро маданий меросини асраб-авайлаш, уни халқаро стандартлар асосида тиклаш ва келажак авлодга безавол етказишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 17 июлдаги “Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси ҳузуридаги Миллий реставрация маркази фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида бугун Бухорода ҳам кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, яқин кунларда вилоятда минтақавий реставрация маркази ўз фаолиятини бошлаши кутилмоқда.
Мазкур марказ тарихий аҳамиятга эга тадқиқотларни олиб бориш, реставрация соҳасига замонавий технология ва илғор хорижий тажрибаларни татбиқ этиш, илмий-амалий асосланган таклифлар ишлаб чиқишга хизмат қилади. Лойиҳанинг дастлабки босқичида эса Франция билан ҳамкорликда реставрация ва консервациянинг замонавий услубларини жорий этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
[gallery-29362]
Шу мақсадда Франциянинг етакчи музейлари ва илмий марказлари мутахассислари Бухорога ташриф буюриб, тарихий обидалар ҳамда музей фондларидаги экспонатларнинг сақланиш ҳолати билан яқиндан танишди. Уларнинг иштирокида амалий ва назарий семинарлар ташкил қилиниб, анъанавий усуллар ҳамда замонавий илмий ёндашувлар уйғунлаштирилди.
– Мен Ўзбекистондаги реставрация ишларини 2018 йилдан бери ўрганиб келаман, – дейди франциялик реставратор Делфине Элие-Лефебвре. – Француз тажрибаси асосида тарихий обидаларни асраб қолишга қаратилган бир қатор илмий қўлланмалар тайёрладик. Ҳозирги асосий мақсадимиз музей мутахассисларининг малакасини ошириш ва уларни халқаро стандартлар асосида ишлашга тайёрлаш. Реставратор бу шунчаки уста эмас, балки тарих шифокоридир. Экспонатнинг “ташхиси”ни тўғри қўйиш ва уни асраб қолишнинг энг самарали йўлини топиш жуда муҳим.
Франция билан ҳамкорлик нафақат Бухоро, балки бутун мамлакат маданий меросини асрашга қаратилган кенг қамровли дастурни ўз ичига олган. Унга кўра, малакали реставраторлар, археологлар, консерваторлар ва уста-ҳунармандлар тайёрлаш мақсад қилинган. Шу боис ўқув-семинарларга юртимизнинг турли ҳудудларидан соҳа вакиллари жалб этилмоқда.
– Малака ошириш курсларининг асосий мақсади хориж тажрибасини ўрганиш ва уни таълим жараёнига татбиқ этишдир, – дейди Камолиддин Беҳзод номидаги миллий рассомлик ва дизайн институти профессори Зуҳра Дасметова. –Айниқса, ёғоч ўймакорлиги ва музей экспозицияларини сақлаш борасидаги янги технологиялар биз учун жуда катта тажриба бўлмоқда. Хорижлик мутахассислар экспонатларнинг умрини узайтириш, уларни ташқи таъсирлардан ҳимоя қилиш бўйича самарали усулларни ўргатмоқда.
Лойиҳа доирасида фақат тарихий биноларни таъмирлаш эмас, балки музейларда сақланаётган ноёб экспонатларни қайта тиклаш ва уларни замонавий талаблар асосида намойиш этиш масалаларига ҳам устувор аҳамият берилмоқда.
– Семинарларда иштирок этган реставраторлар музей ашёлари устида бевосита амалий иш олиб борди, – дейди Бухоро музей-қўриқхонаси илмий ходими Саодат Наимова. – Улар экспонатларни ташқи зарарлардан муҳофаза қилиш, консервация қилишнинг мураккаб жараёнларини амалда синовдан ўтказди. Бу тажриба музей фондларида сақланаётган ноёб ашёларни келажак авлодга асл ҳолича етказишда муҳим аҳамият касб этади.
– Мен Францияда консерватор сифатида фаолият юритаман. Тарихнинг ҳар бир заррасини асраб қолиш бугунги куннинг энг муҳим вазифаларидан бири. Биз ушбу лойиҳада асосан экспонатларни реставрация ва консервация қилишнинг амалий жиҳатларига эътибор қаратдик. Бу жараён иштирокчиларга нафақат назарий билим, балки халқаро стандартлар асосида ишлаш кўникмасини ҳам бермоқда. Ўзбекистонда бундай ташаббусларнинг амалга оширилаётгани таҳсинга лойиқ, – дейди франциялик консерватор Ан Ежи.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, маданий мерос объектларининг бетакрорлиги ва уларнинг халқаро ташкилотлар диққат марказида экани реставрация ишларини қатъий талаблар асосида амалга оширишни тақозо этади. Шу боис бугунги кунда Франциядан ташқари Эрон, Италия ва Туркиядан ҳам малакали уста-реставраторлар ва лойиҳачилар жалб қилиниб, ҳамкорлик кўлами янада кенгаймоқда.
Бухорода бошланган ушбу йирик лойиҳа нафақат тарихий обидаларни асраб қолиш, балки миллий маданий меросни халқаро стандартлар асосида муҳофаза қилишнинг янги босқичини бошлаб бермоқда. Илғор хорижий тажриба, замонавий технология ва маҳаллий мутахассислар салоҳияти уйғунлашган мазкур ташаббус келажак авлодга бой ва бетакрор тарихимизни бус-бутун етказишга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА мухбирлари.