Амударёлик фермерларнинг пахта хирмони юксалмоқда
Қорақалпоғистон Республикаси Амударё тумани фермер хўжаликлари далаларида моҳир теримчилар хирмон бунёд этиш, оилаларига даромад келтириш мақсадида астойдил ҳаракат қилмоқда.
Оқ олтин овулидаги Рашид Қутлимуродов раҳбарлик қилаётган “Сапарбой Қодир” фермер хўжалиги туманда биринчилардан бўлиб пахта йиғим-теримига киришган эди. Хўжаликдаги 48 гектар ерда “Манғит-1” навли пахта етиштирилди. Бугунга келиб ушбу хўжалик далаларидан 40 тоннадан зиёд биринчи навли пахта териб олинди. Ҳосилдорлик гектаридан 30 центнерни ташкил қилмоқда. Хўжалик теримчилари бир кунда 6-8 тонна ҳосил топшириб, туман “оқ олтин” хирмони юксалишига муносиб ҳисса қўшишмоқда.

Жорий йилда туманда пахта хом ашёси етиштирувчи фермер хўжаликлари учун барча шароит яратилди. Уруғлик чигит, минерал ўғит, ёнилғи-мойлаш маҳсулотлари ўз вақтида дала бошига етказилиб берилди. Фермер хўжаликлари техника таъминоти яхшиланди. Чигит замонавий сеялкалар ёрдамида ерга қадалди. Ана шу омиллар ва сувдан оқилона фойдаланиш, фермер хўжалиги далаларида меҳнат қилган деҳқонларнинг фидокорона меҳнати эвазига далаларда мўл ҳосил тўплашга эришилди.
Кластер корхонаси – масъулияти чекланган жамият шаклидаги “Amudaryotex” хорижий корхонаси томонидан 352 та фермер хўжалиги билан шартнома тузилган. Жами 13 минг 900 гектар пахта далаларида ҳосилдорликни 32,2 центнерга, ялпи ҳосилни 44 минг 755 тоннага етказиш мўлжалланган.

Туманда 2022 йил пахта йиғим-теримини оптимал муддатларда амалга ошириш мақсадида чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилди. Шунга кўра 290 та терим отряди ташкил қилиниб, уларга тажрибали хўжалик фаолларидан иборат раҳбарлар тайинланди.
Отрядларга пахта тўқимачилик ва фермер хўжалигининг 9 минг 283 нафар ишчиси, 13 минг 983 нафар уюшмаган аҳоли, жами 23 минг 266 нафар теримчи жалб қилинган. Теримчиларга ўз вақтида терим пулларини бериб боришни ташкил қилиш мақсадида банк ходимлари бириктирилди. Йиғим-терим ишларида 260 та пахта ташиш техникаси, 535 та тиркама қатнаштирилмоқда. Шунинг натижасида бугунги кунга 6200 тоннадан ортиқ пахта топширилди.
Юксак хирмон барпо этиш истагида пахта теримини жадал давом эттираётган “Сапарбой Қодир” каби фермер хўжаликлар сони туманда кундан-кунга ортиб бормоқда.
Довуд Абибуллаев, ЎзА