Амударёда чигит экиш бошланди
Умумхалқ Наврўз байрами арафасида Амударё туманида жорий йилги ҳосил учун чигит экиш мавсуми бошланишига бағишланган кўргазмали семинар ўтказилди. Унда соҳага масъул ташкилотлар, пахта кластерлари корхоналари, фермер хўжаликлари раҳбарлари ва мутахассислар иштирок этди.
Семинарда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси Аманбай Оринбаев иштирок этиб, сўнгги йилларда Президентимиз томонидан соҳага қаратилаётган эътибор, берилган имкониятлар ҳақида сўз юритди. Қорақалпоғистон учун алоҳида қатор фармон ва қарорлар асосида кенг имкониятлар ва имтиёзлар яратиб берилмоқда. Ўтган қисқа даврда эътибор натижасида Қорақалпоғистонга қишлоқ хўжалиги учун зарур бўлган кўплаб техника ва агрегатлар олиб келиниб, бу ўз навбатида соҳани ривожлантиришга алоҳида суръат бағишлади.

Сўзга чиққанлар экиш мавсумини қисқа муддатда сифатли ўтказиш, чигит экишнинг сифатли усуллари, деҳқон фермерлар эътибор қаратиши лозим бўлган муҳим вазифалар бўйича фикр-мулоҳазаларини билдирди. Нуроний отахонлар дуоси билан шу куни дастлабки майдонларга чигит сепилди.

Жорий йилда республикада 100 минг гектар майдонга чигит экилиши режалаштирилган. Мавсумни уюшқоқлик билан олиб бориш мақсадида жами 243 та отряд ташкил этилиб, уларга 15 мингдан ортиқ техника ва агрегат бириктирилган. Шу жумладан, 170 та замонавий юқори унумли чигит экиш сеялкасини жалб этиш кўзда тутилмоқда.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири