“Аммофос-Максам”да илм-фан ва ишлаб чиқариш уйғунлиги қандай натижа беряпти?
Юртимизда саноат тармоқларини модернизация қилиш, юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва экспорт салоҳиятини оширишга қаратилган ислоҳотлар изчил давом этмоқда. Айниқса, кимё саноатида илғор технологияларни жорий этиш, ишлаб чиқариш жараёнларини рақамлаштириш ва экологик хавфсизликни таъминлаш устувор вазифалардан бирига айланган.
Бу борада йирик корхоналар фаолияти билан яқиндан танишиш, амалга оширилаётган лойиҳаларнинг аҳамиятини жамоатчиликка етказиш муҳим аҳамият касб этади.
Ана шу мақсадда “Ўзкимёсаноат” АЖ томонидан Олмалиқ шаҳридаги “Аммофос-Максам” акциядорлик жамиятига оммавий ахборот воситалари вакиллари учун пресс-тур ташкил этилди. Тадбир давомида журналистлар корхонанинг замонавий ишлаб чиқариш жараёнлари, кенг кўламли модернизация ишлари ҳамда илмий-техник салоҳияти билан яқиндан танишди.

Тадбир иштирокчиларига дастлаб экстракцион фосфат кислотаси ишлаб чиқариш жараёни ҳақида батафсил маълумот берилди. Таъкидланганидек, у минерал ўғитлар, хусусан, аммофос ва суперфосфат ишлаб чиқаришнинг асосий хомашёси ҳисобланади. Ишлаб чиқариш жараёни асосан дигидрат ёки полугидрат усулида амалга оширилади. Мазкур лойиҳа 1973 йилда ишга туширилган бўлиб, бугунги кунда йилига П₂О₅ ҳисобида 136 400 тонна маҳсулот ишлаб чиқариш қувватига эга. Жараён узлуксиз режимда олиб борилади.
Шундан сўнг иштирокчилар ЭФК-2 цехида амалга оширилган модернизация ишлари билан танишди. Давлат раҳбарининг 2019 йил 3 апрелдаги қарори доирасида маънан эскирган ускуналар ўрнига замонавий технологиялар жорий этилди. Жумладан, К-100 айланма вакуум-фильтри ўрнига юқори самарадорликка эга ДУ-85/4200 тасмали вакуум-фильтр ўрнатилиб, ишлаб чиқариш самарадорлиги сезиларли даражада оширилди.

Корхонада импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича ҳам муҳим ютуқларга эришилди. Хусусан, 2022 йилдан бошлаб дренаж роликларини маҳаллий шароитда ишлаб чиқариш йўлга қўйилиб, ускуналарнинг чидамлилиги ва хизмат муддати узайтирилди.
Пресс-тур давомида журналистлар Аммофос (2-навбат) цехидаги ишлаб чиқариш жараёнларини ҳам кузатди.
Шунингдек, иштирокчилар корхона таркибидаги Илмий-тадқиқот кимё-технологик лабораторияси фаолияти билан ҳам танишди. Халқаро стандартлар асосида ишловчи мазкур лаборатория маҳсулот сифатини назорат қилиш, янги технологияларни жорий этиш ва ишлаб чиқариш самарадорлигини оширишда муҳим ўрин тутади.
Н.Зиёдуллаева,
ЎзА