Ҳамкорлик кўлами кенгаймоқда
Пойтахтимизда 29 сентябрь куни “Шаҳарнинг юқори технологик инфратузилмаси” мавзусида Ўзбекистон – Япония конференцияси бўлиб ўтди.
Пойтахтимизда 29 сентябрь куни “Шаҳарнинг юқори технологик инфратузилмаси” мавзусида Ўзбекистон – Япония конференцияси бўлиб ўтди.Ўзбекистон Республикаси ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирининг ўринбосари Ш.Тўлаганов, Ўзбекистон савдо-саноат палатаси раиси А.Шайхов, Япония ер, инфратузилма, транспорт ва сайёҳлик вазирининг парламентдаги ўринбосари К.Сузуки, Тошкент шаҳар ҳокими Р.Усмонов ва бошқалар Ўзбекистон билан Япония ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари барча жабҳаларда, жумладан, иқтисодиёт, саноат ва юқори технологиялар соҳаларида изчил ривожланиб бораётгани, бунда икки давлат раҳбарларининг учрашувлари чоғида эришилган келишувлар муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилаётганини алоҳида таъкидлади. Президентимиз Ислом Каримовнинг 2011 йилнинг февраль ойида Японияга расмий ташрифи ўзаро манфаатли ва фаол муносабатларни янги мазмун билан бойитишга хизмат қилди.
Япония Ўзбекистоннинг асосий иқтисодий шерикларидан. Мамлакатимиз учун Осиё-Тинч океани давлатлари билан алоқаларни кенгайтиришда Япония билан муносабатларни ривожлантириш алоҳида ўрин тутади. Ўзбекистон билан Япония ўртасида 2002 йилда имзоланган Дўстлик, стратегик шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги қўшма баёнот ўзаро муносабатларнинг изчил ривожланишида муҳим омил бўлаётир.
Ҳар қандай мамлакат иқтисодиётини жадал ва мутаносиб ривожлантиришда, аҳоли ҳаёт даражаси ва турмуш сифатини тубдан яхшилашда, бошқа соҳалар қатори туризмни равнақ топтиришда шаҳарлар инфратузилмасини такомиллаштириш муҳим ўрин тутади. Мамлакатимизда Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида шаҳарларни модернизация қилиш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ўзининг юксак самараларини бераётир. Хусусан, шаҳарларимизни комплекс қуриш бўйича қабул қилинган дастурларнинг ҳаётга изчил татбиқ этилиши натижасида уларнинг қиёфаси тубдан ўзгариб бормоқда. Юртимиз шаҳарлари қадимий ва замонавий меъморий анъаналар уйғунлигида тобора гўзаллашиб бораётир, ноёб лойиҳалар асосида маъмурий бинолар, маҳобатли иншоотлар, кўркам турар жойлар ҳамда кенг кўчалар, равон йўллар ва замонавий кўприклар, обод бозорлар бунёд этилмоқда.
Шаҳарларимизнинг бетакрор қиёфаси ва қулай, замонавий инфратузилмаси халқаро ҳамжамият эътиборини тортмоқда. Буюк Британиянинг нуфузли «The Economist» журналининг берган баҳосига кўра, пойтахтимиз Тошкент шаҳри ободлиги ва яшаш учун қулайлиги жиҳатидан дунё рейтингида 140 шаҳар орасида 58-ўринни эгаллагани ва жаҳон таснифида яшаш учун энг қулай бўлган йирик шаҳарлар қаторига киритилгани мамлакатимизда шаҳарларни ободонлаштириш ва инфратузилмасини жадал яхшилаш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларга ёрқин мисол бўла олади.
Шаҳарсозлик йўналишида Ўзбекистон – Япония ҳамкорлигига бағишланган конференцияда мамлакатимизда шаҳарлар инфратузилмасини ривожлантириш борасида олиб борилаётган изчил ислоҳотлар, шаҳарларнинг юксак индустриал ривожланиш салоҳияти юқори баҳоланди. Бу саъй-ҳаракатлар Ўзбекистонда саноат ва ишлаб чиқариш самарадорлигини оширишга, хорижий сармоядорлар учун яратилган сармоявий муҳитни янада яхшилашга ва мамлакатимизнинг халқаро иқтисодий ҳамкорлигини мустаҳкамлашга хизмат қилаётгани таъкидланди.
– Ўзбекистон – Марказий Осиёдаги етакчи мамлакат, – деди Япония ер, инфратузилма, транспорт ва сайёҳлик вазирининг парламентдаги ўринбосари Кейсукэ Сузуки. – Япония учун Ўзбекистон билан ҳамкорликни ривожлантириш муҳим аҳамиятга эга. Шу боис тадбирда иштирок этган Япониянинг кўплаб компаниялари мамлакатингиз билан ҳамкорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратмоқда. Тошкентнинг гўзал ва фусункор қиёфаси катта таассурот қолдирди. Айниқса, Тошкент метрополитени хавфсиз, қулай ва юксак хизмат кўрсатиш маданияти намунасига айлангани, бекатларнинг ўзига хос, бетакрор дизайни мени ҳайратга солди. Биз Япониянинг юқори технологияларини жалб этган ҳолда пойтахтингиз инфратузилмасини янада такомиллаштириш бўйича мамлакатингиз билан яқин ҳамкорлик қилмоқчимиз.
Форумда шаҳарсозлик соҳасида икки томонлама ҳамкорлик истиқболлари юзасидан фикр ва тажриба алмашилди. Кунчиқар мамлакатнинг шаҳар инфратузилмасини ривожлантиришдаги энг замонавий технологик ютуқлари ҳақида сўз юритилди.
Анжуманда иштирок этган Япониянинг «Шимидзу», «Тайсеи», «АйЭйчАй», «Иточу», «Текуно Торансу», «Мицубиши», «Тойота Цусе», «Ниппон Коэи», «Марубени», «Панасоник», «Мицуи» каби қатор корпорациялар ва молиявий ташкилотлар вакиллари Ўзбекистонда бошқа йўналишлар қатори шаҳарни модернизация қилиш ва инфратузилмани юқори технологик ривожлантиришда фаол иштирок этиш, ўзаро фойдали ҳамкорликни янада кенгайтириш ниятида эканини қайд этди.
Конференцияда Ўзбекистон, Япония ва жаҳоннинг юқори сифатли шаҳар ва транспорт инфратузилмалари, соҳада хавфсизлик ва транспорт бошқаруви тизими, бунда ахборот-коммуникация технологияларининг ўрни, қурилишнинг барқарорлаштириш методлари, табиий офатларнинг олдини олиш технологиялари ҳамда бу борада қўшма ва молиявий лойиҳаларга доир масалалар муҳокама қилинди.
Япония делегацияси Ўзбекистон Республикаси Молия ҳамда Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирликлари, Тошкент шаҳар ҳокимлигида ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш юзасидан музокаралар ўтказди.