Амир Темур ва Муҳаммад ибн Жазарий
Соҳибқирон Амир Темур таваллуди олдидан
Амир Темур тулпорларни саралаб ажрата оладиган моҳир чавандоз ва довюрак баҳодир бўлиши билан бирга, ўз даврининг тиббиёт, риёзиёт, фалакиёт, меъморчилик ва тарих илмларини ўрганган. У билан суҳбатлашиш шарафига муяссар бўлган буюк араб файласуфи Ибн Халдун жаҳонгир турк, араб, форс халқлари тарихини, диний, дунёвий ва фалсафий билимларнинг мураккаб жиҳатларигача яхши ўзлаштирганини таъкидлайди.
Ҳофизи Абрўнинг ёзишича, Амир Темур турк, араб ва эронликлар тарихини чуқур билган. У давлат аҳамиятига эга бўлган ҳар бир масалани ҳал этишда шу соҳанинг билимдонлари ва уламолари билан маслаҳатлашган. Одатда у тиббиёт, риёзиёт, фалакиёт, тарих, адабиёт, тилшунослик илми намояндалари, шунингдек, илоҳиёт ва дин соҳасидаги машҳур уламолар билан суҳбатлар ўтказган. Амир Темур саройида турли миллат ва элат вакилларининг уламолари – мавлоно Абдужаббор Хоразмий, мавлоно Шамсуддин Мунши, мавлоно Абдулло Лисон, мавлоно Баҳруддин Аҳмад, мавлоно Нўъмонуддин Хоразмий, Хўжа Афзал, мавлоно Алоуддин Коший, Жалол Хокий ва бошқалар хизматда бўлган. Номлари зикр қилинган илм аҳллари ичида “Ал-Жазарий” тахаллуси билан танилган қори ва муҳаддислар устози, мужаввид ва қироат илми уламоларининг имоми, ўз замонасидан тортиб то бизнинг давримизгача қироат ва тажвид илмининг шайхи ва олимлар гултожи бўлиб келаётган мавлоно Шамсуддин Мунши, тўлиқ исми шарифлари Аллома Ҳофиз Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Али ибн Юсуф ибн Ал-Жазарий, Шамсиддин ад-Дамашқий аш – Шофиъий бўлиб, кунялари «Абул-Хайр»дир. Уларнинг таваллудлари милодий 1350 йилнинг ўттизинчи ноябрь, жума кунига тўғри келади.
Ҳикоя қилинишича 40 йил фарзанд кўрмаган оталари, 1349 йилда муборак ҳаж сафарига бориб, ибодат амалларини бажариб бўлгач, Аллоҳ таоллодан ўзларига солиҳ олим фарзанд беришини сўраб дуо қилган. Шундан бир йил ўтгач, имом – Жазарий дунёга келган. 13 ёшида Қуръони каримни тўлалигича ёд олиб, 14 ёшида имомлик қила бошлаган. Ҳижрий 798 йили Рум (ҳозирги Туркия)га сафар қилиб, Бурса шаҳрида Боязид ибн Усмон (Йилдирим Боязид) билан учрашган. Боязид кўрсатган ҳурмат ва эҳтиромга жавобан имом у ерда бир неча йил истиқомат қилиб, юрт аҳолисига қироат ва ҳадис илмидан таълим беради.Султон Боязид билан Амир Темур ўртасида ҳижрий 804 санада бўлиб ўтган жангда усмонийларнинг лашкари билан бирга Муҳаммад ибн Жазарий ҳам қатнашган эди. Усмонийларнинг лашкари енгилади.
Султон Боязид ва Имом Муҳаммад ибн Жазарий асирга тушади. Амир Темур Имом Муҳаммад ибн Жазарийдан хабардор бўлиб, унинг кимлигини англаб етади ва ўзи борган мусулмон юртлардаги катта уламоларга нисбатан қиладиган одатига биноан ҳижрий 805 йили Амир Темур у зотни Румдан Мовароуннаҳр диёрига олиб келган. Имом Муҳаммад ибн Жазарий Кеш (ҳозирги Шаҳрисабз) шаҳрида Соҳибқирон салтанати остида ҳаёт кечирганлар. Бир кун Соҳибқирон Самарқандда катта базм уюштиради. Унга таклиф этилган амир ва зодагонларга чап тарафдан, олимларга эса ўнг тарафдан жой ажратишни буюради. Имом Жазарийга эса уламоларга ажратилган жойнинг олд қисмидан, яъни аллома Саййид Шариф Журжонийдан юқорироқдан ўрин ҳозирлашга амр қилинган. Ўша вақтда у Самарқандда мударрис эди. Сабаби сўралганида, соҳибқирон: “қандай қилиб Қуръон ва Суннат бўйича олим ва мушкул масалани сўраган одамга дарҳол мушкулини ечиб берадиган одамни олдинга ўтирғизмай” дея жавоб берган эди. Қироат илми олими Муҳаммад Жазарий умрининг охирини Шерозда ўтказган. У зот ҳижрий 833 йили рабиул аввал ойининг бешинчи куни, жума тонгида 82 ёшда дунёдан ўтади ва ўзи қурдирган мадраса ҳовлисига дафн этилади.
Амир Темурнинг отаси Муҳаммад Тарағай уламою фузалога ихлосманд, илм аҳлига ҳомий ва иштиёқманд киши бўлганлиги сабабли, унинг оиласида тарбия олган ва камол топган фарзанд ҳам қаерда фан, маданият ва санъат аҳлини учратса, ўз ҳомийлигига олиб, иззат-икром кўрсатиб, уларнинг тарбиясига аҳамият бериб, бу зотлардан ўз олий мажлисида надим (маслаҳатчи) сифатида ва бошқа лавозимларда фойдаланишни йўлга қўйган.
Ватан ҳимояси учун бел боғлаган ёшларда ўз она юртига нисбатан садоқат билан хизмат қилиш, ҳалоллик, мардлик ва жасурлик фазилатларини шакллантириш, аждодларимиз қолдирган бебаҳо меросдан унумли фойдаланиш ҳозирги куннинг кечиктириб бўлмайдиган долзарб масаласидир.
Ҳайдар ЭРГАШЕВ,
Ўзбекистон Миллий университети
Ҳарбий тайёргарлик ўқув
маркази ўқитувчиси