Амир Темур мероси – миллий давлатчилик ва барқарор тараққиёт асоси
Навоий давлат университетида Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Халқаро Амир Темур жамоат фонди ҳамда Навоий вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида “Амир Темур мероси – миллий ғурур ва маънавий куч манбаи” мавзусида минтақавий илмий онлайн конференция ўтказилди.
Унда республикамизнинг етакчи темуршунос олимлари, тадқиқотчилар, профессор-ўқитувчилар ва талабалар, шунингдек, Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Навоий академик лицей ўқувчилари иштирок этди.

Анжуман аввалида университет ректори, профессор Муҳиддин Калонов сўзга чиқиб, Амир Темур шахсига бўлган эҳтиром ҳамда унинг бой меросини чуқур ўрганиш бугунги куннинг долзарб вазифаларидан бири эканини таъкидлади.
Тадбир аввалида иштирокчилар Навоий давлат университети ҳузуридаги “Қатағон қурбонлари хотираси” музейини томоша қилди. Шундан сўнг спорт майдонларида ташкил этилган мусобақалар ва кўргазмалар билан танишди.

Конференция доирасида Амир Темурнинг давлатчилик тарихидаги ўрни атрофлича таҳлил қилинди. Шунингдек, унинг юксак сиёсий тафаккури, марказлашган бошқарув тизимини шакллантиришдаги ёндашувлари, адолат ва қонун устуворлигига асосланган бошқарув тамойиллари, ҳарбий санъатдаги стратегик ва тактик маҳорати ҳамда пухта дипломатик сиёсати илмий жиҳатдан асослаб берилди.

– Соҳибқирон Амир Темур юксак сиёсий тафаккур, беқиёс ҳарбий стратегия ҳамда куч ва адолат уйғунлигига асосланган бошқарув тамойилларини амалда намоён этган улуғ сиймодир, – дейди Бухоро давлат университети профессори Шодмон Ҳайитов. – У марказлашган давлат барпо этиш, ички сиёсий барқарорликни таъминлаш ва кенг ҳудудларда самарали бошқарув тизимини йўлга қўйишда ўз давридан анча илгарилаб кетган буюк давлат арбоби сифатида тарих саҳнасига чиқди. Соҳибқирон нафақат забардаст саркарда, балки доно сиёсатчи ва узоқни кўра билган дипломат сифатида ҳам Шарқ ва Ғарб ўртасида мустаҳкам алоқалар ўрнатишга эришди. Амир Темур томонидан асос солинган улкан салтанат ўз даврида иқтисодий, сиёсий ва маданий интеграциянинг юксак намунаси бўлиб хизмат қилди. Унинг ташаббуслари билан ривожланган савдо йўллари, илм-фан ва маданият марказлари Шарқ ва Ғарб тамаддунлари ўртасида яқинлашувни таъминлади. Темурийлар даврида юзага келган илмий ва маданий юксалиш эса тарихда “Иккинчи Ренессанс” сифатида эътироф этилиб, жаҳон цивилизациясига улкан ҳисса бўлиб қўшилди. Шу боис Амир Темур сиймоси миллий давлатчилигимизнинг мустаҳкам пойдевори, жаҳон тарихида эса ўчмас из қолдирган буюк шахс тимсолидир.

Бугунги кунда Амир Темур меросини чуқур ўрганиш, унинг давлат бошқаруви, адолат тамойиллари ва стратегик тафаккурини илмий асосда таҳлил этиш алоҳида аҳамият касб этмоқда. Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 6 февралдаги “Буюк давлат арбоби ва саркарда, илм-фан, маданият ва санъат ҳомийси Соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 690 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарори муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда. Мазкур қарор нафақат буюк аждодимиз хотирасини улуғлаш, балки унинг бой меросини тизимли равишда ўрганиш, илмий тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш ва кенг жамоатчиликка етказишни янги босқичга олиб чиқди.

– Мазкур анжуман, энг аввало, Амир Темур меросини тизимли ўрганиш ва уни замонавий талқин этишга хизмат қилмоқда. Шу билан бирга, ёш авлод қалбида миллий ғурур ва ватанпарварлик туйғуларини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этмоқда, – дейди Навоий давлат университети тадқиқотчиси Ҳабиба Ҳасанова. – Амир Темурнинг жаҳон цивилизацияси тараққиётидаги ўрни ва маънавий мероси ҳам замонавий тарихшунослик нуқтаи назаридан комплекс ўрганилмоқда. Бу эса нафақат тарихий ҳақиқатни чуқурроқ англаш, балки бугунги бошқарув тизими ва жамият тараққиёти учун муҳим хулосалар чиқаришга хизмат қилади. Хуллас, Амир Темур мероси бу фақат тарихий хотира эмас, балки бугунги ва эртанги тараққиётимиз учун муҳим стратегик тафаккур манбаидир. Унинг адолат, қатъият ва пухта режалаштиришга асосланган бошқарув тамойиллари ҳозирги даврда ҳам ўз аҳамиятини сақлаб қолмоқда. Зеро, Соҳибқирон таълимоти бизни кучли давлат, адолатли жамият ва маънавий баркамол авлодни шакллантириш йўлида илҳомлантиради.

Буюк аждодлар меросини англаш бу ўтмишга қайтиш эмас, балки келажакни онгли равишда барпо этишдир. Амир Темур сиймоси эса ана шу йўлда биз учун ҳамиша ибрат, куч ва илҳом манбаи бўлиб қолаверади.
А. Бўриев, ЎзА мухбири