Амалга оширилган ишлар муҳокама этилди
Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ Термиз гарнизонидаги ҳарбий қисм маданият марказида Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати, Жамаотчилик кенгаши раиси Иқболжон Мирзаалиев, Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ маъсул офицерлари, кенгашнинг вилоятдаги вакиллари, ҳарбий хизматчилар ҳамда “Ватан таянчи” отряди аъзолари иштирок этди.
Йиғилишда Жамоатчилик кенгаши раиси Иқболжон Мирзаалиев жорий йил биринчи ярмида Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши ва унинг минтақавий бўлинмалари томонидан амалга оширилган ишлар ҳамда келгусидаги вазифалар ҳақида атрофлича фикр юритди.
Президентимиз, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёевнинг мудофаа ва хавфсизлик масалаларидаги топшириқлари мониторингини юритиб, юзага келаётган муаммоларни бартараф этиш, ҳарбий хизматчилар учун ташкил этилаётган маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини янада оширишга эътибор қаратди. Кенгаш аъзолари амалга ошираётган ишлар таҳлил қилиниб, халқ ва миллий армия ўртасида узвий боғлиқликни, ҳамфикрлик ҳамда якдилликни янада мустаҳкамлаш юзасидан таклиф ва тавсиялар берилди. Мактабни аъло баҳоларга тугатган ҳар бир “Ватан таянчи” отрядининг бир нафар аъзосига Мудофаа вазирлиги томонидан белгиланадиган танлаб олиш тартибига мувофиқ олий ҳарбий таълим муассасасига ўқишга кириш учун имтиёзли тавсиянома топширилди. Мазкур тавсияномани қўлга киритган ёшлар мамлакатимиздаги олий ҳарбий таълим муассасаларининг тегишли таълим йўналишларига ўқишга киришда тест синовлари натижаларига кўра, тўплаган балининг 5 фоизи миқдорида қўшимча балл шаклида имтиёзга эга бўлади.
Йиғилишда Жамоатчилик кенгаши вилоятдаги вакилларининг воҳада амалга оширилаётган ишлар юзасидан фикр-мулоҳазалари тингланди. Кенгаш аъзоларининг фақат байрамлар муносабати билан ҳарбий қисм ва муассасаларда бўлиб, тадбирларда иштирок этаётгани, низомда белгиланган вазифалар ва йил бошида қабул қилинган чора-тадбирлар бажарилишига, умуман Жамоатчилик кенгаши фаолиятига барча аъзолар бирдек ёндашмаётгани қатьий танқид қилинди. Кенгашнинг ташкилий-амалий, маънавий-маърифий тадбирлар ҳамда тарғибот-ташвиқот ишлар режаси белгилаб олинди.
Йиғилиш якунида Жамоатчилик кенгаши аъзолари ва ёшлар ҳарбий хизматчилар учун яратилган шарт-шароитлар, замонавий қурол-яроғлар кўргазмаси ҳамда ҳарбий қисм музейи билан яқиндан танишди.
Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА