Ҳам сердаромад, ҳам соғлиққа фойда
Қашқадарё вилоятида қишлоқ хўжалиги, жумладан, чорвачилик, балиқчилик, асаларичилик, қуёнчилик тармоқларини ривожлантиришга қаратилган истиқболли лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Қашқадарё вилоятида қишлоқ хўжалиги, жумладан, чорвачилик, балиқчилик, асаларичилик, қуёнчилик тармоқларини ривожлантиришга қаратилган истиқболли лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Яккабоғ туманидаги “Холтемир Иброҳим” масъулияти чекланган жамиятининг қуёнчиликни ривожлантириш лойиҳаси ана шулардан биридир.
Қуёнчиликда кам маблағ сарфлаб, парҳез гўшт, мўйнали тери, майин тивит каби маҳсулотлар етиштириш мумкин. Қуёнлар тез етилувчан, серпушт ва маҳсулдор жонивор. Мутахассисларнинг қайд этишича, қуён гўшти парҳезбоп ҳисобланади ва қўй, эчки, қорамол гўштига нисбатан анча енгил ҳазм бўлади. Холестерин моддаси бузоқ гўштига қараганда 2,4 марта кам бўлиб, оқсилга жуда бой. Шу боис ёш болалар, кексалар ва юрак-қон томир, жигар, ошқозон хасталиклари билан оғриган беморларга кўпроқ қуён гўшти тавсия қилинади.
Маълумотларга қараганда, инсон соғлом бўлишни истаса, бир йилда 90 килограммгача гўшт истеъмол қилиши, унинг камида 5 фоизи қуён гўшти бўлиши керак экан. Бу бежиз эмас. Асосий сабаби қуён гўштининг экологик жиҳатдан тозалиги ва парҳезбоплигидир.
Жаҳон бозорида қуён гўштига талаб ортиб бораётган шу кунларда бизда ҳам қуёнчилик билан шуғулланиш истагидаги тадбиркорлар кўпаймоқда.
Яккабоғ туманидаги “Холтемир Иброҳим” масъулияти чекланган жамиятида Италиядан “хикол” зотли қуёнлар олиб келиб, парваришланмоқда. Бугунги кунда уларнинг сони 5 мингтага етган. Қуёнлар маҳаллий иқлим шароитга тез мослашмоқда. Нар қуёнлар гўшт учун боқилади ва улар 7-8 ой ичида 6 килограммгача тош босадиган бўлади. Урғочилари эса бир қисми корхонанинг ўзида олиб қолинса, қолган қисми республикамиз бўйлаб қуёнчиликни йўлга қўйиш истагида бўлган тадбиркорлик субъектлари ва аҳоли вакилларига етказиб берилади.
– Қуёнчилик фермамизда 5 мингта қуёнимиз бор, – дейди Бибисора Тоғаева. – Уларнинг 2 мингтаси она қуён. Она қуёнлар ҳар 30 кунда 10 тагача болалайди. Қуёнларга емни ўзимизда тайёрлаймиз. Уларнинг ёшига қараб ем берилади. Катта она қуёнларга 200-300 грамм ем берилади. Болаларига 150 граммдан. Бир кунда икка маҳалдан ем берамиз.
Дарвоқе, корхонада қуёнларга озуқа тайёрлаш учун цех ҳам ташкил қилинган. Мазкур цехда ишлаб чиқарилаётган озуқанинг қуёнлар рационига мувофиқлиги нафақат корхона жамоасининг, балки “Ўзгароинспекция” туман бўлими ходимларининг ҳам доимий эътиборида.
Энг асосийси, бугун бу ерда 10 киши иш билан банд. Ҳар ойда аҳоли дастурхонига 3-4 тонна атрофида парҳезбоп гўшт етиштириб берилмоқда. Жамият аъзолари яқин келажакда қуёнчиликни янада кенгайтириш, она қуёнлар сонини кўпайтириш ва бу орқали иш ўринларини 20 тага етказишни мақсад қилган.