"Алпомишнинг қайтиши" Сирдарёда
Шундай асарлар борки, қанча вақт ўтса-да, бадиий қийматини, аҳамиятини йўқотмайди. У киши қалбида бир умрга муҳрланиб қолади. Ўзбекистон халқ шоири, драматург Усмон Азим қаламига мансуб "Алпомишнинг қайтиши" драмаси асосида саҳналаштирилган спектакль эса ана шандай умрбоқий асарлардан бирига айланмоқда.
Мазкур спектакль таниқли режиссёр, Ўзбекистон халқ артисти Валихон Умаров томонидан Муқимий театрида саҳналаштирилган бўлиб, катта муваффақият қозонгани, хусусан, Қозоғистон Республикасининг Қизилўрда шаҳрида бўлиб ўтган халқаро фестивалда "Гран-при" мукофотига сазовор бўлгани бежиз эмас.
Куни кеча Сирдарё вилояти мусиқали драма театрида ушбу асарнинг янги премьераси бўлиб ўтди.


Мазкур асар режиссёр Валихон Умаров томонидан янгича талқинда саҳналаштирилгани билан эътиборли. Бош қаҳрамон, яъни Алпомиш образини истеъдодли ёш актёр Шуҳрат Абдураҳмонов, Ойбарчин образини Меҳридилбону Эргашева, шунингдек, Қултой, Бойбўри, Кунтуғмишбека, Ҳаққул бахши, Қоражон, Ултонтоз ва бошқа ролларни театрнинг етакчи актёрлари Иброҳим Қосимов, Шерзод Каттабобоев, Раъно Ҳайитова, Шуҳрат Абдуллаев, Беҳзод Мирсаидов, Улуғбек Аҳмедов ва бошқа актёр-актрисалар маҳорат билан ижро этишган. Саҳна безаклари, мусиқалар ва либослар спектакль моҳияти ва воқеаларга уйғунлиги билан эътиборни тортади.


"Алпомишнинг қайтиши" премьерасида асар муаллифи Усмон Азим, режиссёр Валихон Умаров ҳам иштирок этишди.
–Ҳақиқатан ҳам чин маънода ажойиб асар яратилганининг гувоҳи бўлдик, – дейди сардобалик театр мухлиси Суюн Намозов. – "Алпомишнинг қайтиши" спектакли тугаши ҳамоно зал ларзага келди, томошабинлар ўринларидан гурра туриб, гулдурос қарсаклар билан ижодкорларни узоқ вақт олқишлаб туришди. "Баракалла!", "Офарин!", "Браво!" деган ҳайқириқлар бот-бот янграганини айтмайсизми?! Асар муаллифларига ва барча ижрочиларга ўз самимий миннатдорчилигимизни билдирамиз.


Хуллас, тошкентлик ва сирдарёлик истеъдодли актёрлар томонидан ижро этилган бахшиёна оҳанг ва айтувлар ҳамоҳанглигидаги саҳна кўринишлари ҳар бир томошабиннинг кўнглидан чуқур жой олди. Ушбу асар орқали режиссёр, актёрлар ўз иқтидор ва маҳоратини яна бир бор намойиш этиб, томошабинлар, яъни театр ихлосмандларининг эътиборига сазовор бўлди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири