"Алоқабанк" ёшлар штабини ташкил этди
Юртбошимизнинг фаол ёшлар билан ўтказилган мулоқотида эртамиз эгалари учун имкониятларни янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилиниб, “Алоқабанк” ёшларнинг бизнес лойиҳаларини қўллаб-қувватловчи таянч банкка айлантирилиб, унинг фаолиятига 200 миллион доллар ажратилиши таъкидланди.
2025 йил 14 февралда қабул қилинган “Ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш ва бандлигини таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорга кўра, мазкур банк орқали ёшлар учун мўлжалланган имтиёзли кредитларни ажратиш тартиблари белгиланди. Бу борада банкнинг Наманган вилоятидаги ҲКХК марказида амалий ишлар бошланиб, тажриба тариқасида очилган “Ёшлар штаби”га алоҳида 10 нафар ходим бириктирилди.
[gallery-21917]
Бугунги кунда Наманганда 14-30 ёш оралиғидаги йигит-қизлар 652 минг нафарни ташкил этади, бу вилоят аҳолисининг 22,3 фоизига тўғри келади. Илк олиб борилган ўрганишлар натижасида 633 нафар ёш тадбиркорнинг 125 миллиард 400 миллион сўмлик бизнес лойиҳалари шакллантирилди. Шулардан 464 таси “Бизнесга биринчи қадам” лойиҳаси доирасида ўзини-ўзи банд қилиш асосида имтиёзли кредитлардан фойдаланишни режалаштирмоқда.
– Бугун тадбиркор бўламан, ўз бизнесим билан Ватаним равнақига муносиб ҳисса қўшаман, деган ҳар ёшга шахсан давлат раҳбари катта имкониятларни тақдим қилмоқда, – дейди Наманган шаҳридаги “Innovation Language centre” ўқув маркази раҳбари, халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Достонбек Раҳимжонов. – Юксак ғамхўрликлардан фойдаланган ҳолда, Янги Наманган туманида болалар боғчаси, ўқув маркази ва хусусий мактабни ўзида мужассам қилган таълим мажмуасини барпо этишни режалаштирганман. Бу борада менга “Алоқабанк”нинг имтиёзли кредитлари қўл келиши мумкин.
Тадбирда қатнашган Наманган вилоят ҳокими, Олий Мажлис Сенати аъзоси Шавкат Абдураззоқов “Ёшлар штаби” фаолиятини кенг тарғиб этиш зарурлиги, айниқса, навқирон авлод вакилларининг ушбу яратилган имкониятлардан самарали фойдаланишни таъминлаш борасида самарали иш ташкил этиш бўйича тегишли мутасаддиларга топшириқлар берди.
Оқилхон Дадабоев, Ҳотам Мамадалиев (сурат), ЎзА