Ғалла мавсуми эшик қоқмоқда
Юртимизда ҳаво ҳароратининг тобора кўтарилиб бораётгани далаларда ғалла пишиб-етилиб, ўрим-йиғим тадбирлари яқинлашиб қолганидан дарак бермоқда.
Қишлоқ хўжалиги
Юртимизда ҳаво ҳароратининг тобора кўтарилиб бораётгани далаларда ғалла пишиб-етилиб, ўрим-йиғим тадбирлари яқинлашиб қолганидан дарак бермоқда.
Тошкент вилояти Бўка туманида етиштирилган ғаллани нест-нобуд қилмай йиғиб олиш, ўрим-йиғим мавсумини уюшқоқлик билан ўтказишга пухта тайёргарлик кўрилмоқда. Ҳудуддаги 15 минг 150 гектардан зиёд майдонда парваришланган ғалла ҳосилни йиғиштириб олиш учун 37 та комбайн, 136 та буғдой ташувчи техника шай ҳолатга келтирилган.
Мавсумда иш 37 та отрядга бўлинган ҳолда олиб борилади. Техникалар ва улардаги бирламчи ёнғин ўчириш воситаларининг созлиги, тўлиқ таъмирлангани туман фавқулодда вазиятлар хизмати мутахассислари томонидан кўздан кечирилди. Комбайн операторлари билан йўриқнома ўтказилиб, ғалла тез ёнувчан экани боис ўрим пайтида тамаки маҳсулотларини чекмаслик, оловдан фойдаланмаслик ва ёнғин хавфсизлиги қоидаларига қатъий риоя қилиш бўйича тушунчалар берилди.
Ўрим пайтида мавсум қатнашчиларига қулайлик яратиш мақсадида штаб ташкил қилиниб, уларга дала майдонида овқатланиш учун шароит ҳам яратилган. Бундан ташқари, вақтдан унумли фойдаланиш мақсадида дала майдонида носоз ҳолатга келган техникаларга хизмат кўрсатувчи кўчма устахона фаолияти йўлга қўйилди.
Комбайн операторларини рағбатлантириш мақсадида туман ҳокимлиги томонидан озиқ-овқат маҳсулотлари, фермер хўжаликлари раҳбарлари томонидан эса уларнинг пластик карталарига 400 минг сўмдан маблағ ўтказиб берилди. Шу билан бирга, ҳосилни ташишга жалб қилинган юк ташувчи техникаларнинг ҳайдовчиларига мунтазам иш ҳақи тўланиши режалаштирилган.
Пискент туманида ҳам ғалла ўрим-йиғими мавсумини уюшқоқлик билан ўтказиш учун барча зарур тайёргарлик кўрилган.
– Жорий йил тумандаги 183 фермер хўжалиги томонидан 9 минг 100 гектар ерда буғдой етиштирилмоқда, – дейди Пискент тумани ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Мурод Абдураҳмонов. – Бу йилги об-ҳаво шароити ғаллачилик учун мақбул келгани, агротехник тадбирлар ўз вақтида ва белгиланган меъёрларга мувофиқ ўтказилиши натижасида мўл ҳосил яратилди. Гектаридан 80 центнердан ошириб ҳосил олиш, 73 минг 247 тонна ғалла хирмони уйиш, давлатга 30 минг 33 тонна буғдой сотиш мўлжалланмоқда.
Мавсумни уюшқоқлик билан ташкил қилиш учун туманда 24 отряд шакллантирилган. Шу билан бирга, юқори унумли 24 та комбайн сафарбар этилган. Уларнинг ҳар бирига ғалла ташиш учун 5 тадан юк ташувчи машина бириктирилган. Ушбу техникалар мавсум олдидан техник кўрикдан ўтказилиб, ёнғинга қарши воситалар билан жиҳозланган. Отряд аъзоларининг фавқулодда вазиятларда ҳаракатланиш, хавфсизлик бўйича билим ва кўникмалари кўрикдан ўтказилди. Фавқулодда вазиятлар бўлими ходимлари ва комбайн операторлари иштирокида иш жараёнида ёнғинларнинг олдини олиш бўйича ўқув машғулоти ўтказилди.
Мутасаддиларга отрядларни шакллантириш, вазифалар тақсимоти, комбайн операторлари ва ҳайдовчиларга иш ҳақи ажратиш бўйича аниқ вазифалар белгиланди.