Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш инспекцияси фаолиятининг муҳим натижалари эълон қилинди
Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш инспекцияси матбуот котиби Дилрабо Курязова иштирокидаги брифингда инспекция томонидан соҳани тартибга солиш, рақамлаштириш ва яширин айланмага қарши курашиш йўналишида амалга оширилган ишлар ҳақида маълумот берилди.
Қайд этилганидек, Президентимизнинг 2024 йил 3 июндаги фармонига асосан Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти қошида ташкил этилган мазкур инспекция этил спирти, алкоголь, тамаки маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва алкоголнинг улгуржи савдосига лицензия бериш ҳамда назорат тадбирларини амалга ошириб келмоқда. Бугунги кунда соҳада жами 12 694 та субъект фаолият юритмоқда. Улардан 2 таси тамаки, 6 таси спирт, 36 таси алкоголь, 17 таси пиво маҳсулотлари ишлаб чиқариш билан банд бўлса, 345 та корхона улгуржи ва 12 288 таси чакана савдо билан шуғулланмоқда.
Ҳисобот даврида лицензиялашга оид 267 та мурожаат кўриб чиқилиб, янги кириб келган 9 та алкоголь, 2 та тамаки ишлаб чиқарувчи ҳамда 44 та улгуржи корхонага лицензия берилди, 46 та янги омборхонага рухсатнома расмийлаштирилди. Мониторинг натижасида 31,3 миллиард сўмлик лицензия тўловлари ундирилди ҳамда ишлаб чиқариш линияларидаги электрон ҳисоблагичларнинг 2 564 таси муҳрланди.
Соҳага янги ахборот технологияларини жорий этиш мақсадида барча субъектлар хатловдан ўтказилиб, уларнинг электрон реестри шакллантирилди ва маҳсулотлар айланмасини назорат қилувчи “ISAT” электрон ахборот тизими яратилди. Мазкур тизим хом ашё сарфи, рақамли маркировкалаш, лицензия талаблари ва спирт ташувчи транспорт воситалари ҳаракатини автоматик таҳлил қилиб, хавфларни аниқлайди. Унга адлия, солиқ, божхона, кадастр ва бошқа тегишли идораларнинг тизимлари, видеокузатув ускуналари ҳамда “GPS Tracker” қурилмалари интеграция қилинган.
Муҳим янгиликлардан бири, “Рақамли Ўзбекистон – 2030” стратегиясини амалга ошириш бўйича мувофиқлаштириш комиссияси мажлисининг баёнига асосан “ISAT” ахборот тизимида сунъий интеллект технологияларини ишга тушириш учун 6,45 миллиард сўм маблағ ажратилиши белгиланди.
Яширин айланмаларга қарши курашиш йўналишида Департамент билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирлар натижасида 3 067 та ноқонуний фаолиятга барҳам берилди. Истеъмолга яроқсиз ва инсон соғлиғи учун хавфли бўлган 76 миллиард сўмлик алкоголь ҳамда 89 миллиард сўмлик тамаки маҳсулотлари муомаладан олинди. Лицензия талаблари юзасидан 29 та корхонада текширишлар ўтказилди.
Аҳоли ва тадбиркорлар ўртасида тушунтириш ишларини олиб бориш мақсадида 1 506 та тарғибот тадбири ташкил этилди. Шунингдек, соҳадаги қонунбузилиш ҳолатлари ҳақида тезкор хабар бериш мақсадида инспекциянинг 71-202-86-90 рақамли "Ишонч телефони" фаолияти йўлга қўйилди.
Дилрабо Курязованинг таъкидлашича, Инспекция томонидан соҳани тартибга солиш ҳамда тадбиркорлик субъектларига ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш орқали иқтисодий барқарорликни таъминлашга доир вазифалар изчил давом эттирилади.
Моҳигул Қосимова, ЎзА