Алишер Қодиров нимадан норози? (+видео)
Куни кеча Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида “Эл-юрт умиди” жамғармаси маблағларидан самарали фойдаланишни таъминлашга қаратилган қонун лойиҳаси қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди.
Лойиҳага кўра, “Эл-юрт умиди” жамғармаси стипендиати ўз мажбуриятларини бажармаса, жамғарма томонидан сарфланган маблағларни ундириш, шунингдек, жамғарма бу борада судга даъво киритишда давлат божини тўлашдан озод қилиниши назарда тутилмоқда.
Қизғин муҳокамаларда ЎзМТДП фракцияси раҳбари Алишер Қодиров мажбуриятини бажармаган стипендиатлардан маблағлар ундириб олинишида илмий тадқиқот ишларини ўз вақтида ҳимоя қила олмаган магистр ва докторантлар истисно қилиниши кераклигини билдирди.
Бунга жавобан “Эл-юрт умиди” жамғармаси ижрочи директори Гулноза Исмоилова мазкур жамғарма шахсий лойиҳа эмаслигини таъкидлаб, докторантлар шартномада белгиланган муддатда ўз тадқиқотини бажариши лозимлигини қайд этди.
Аммо Алишер Қодиров бундай бюрократик тўсиқлар оқибатида қобилиятли ёшларни қўлдан бой бериш мумкинлигидан жиддий хавотир билдирди. Унга кўра, халқаро ҳуқуқ нормаларига кўра, илмий иш давом этиши учун асослаб берилса, қўшимча қарор орқали тўртинчи ва ундан кейинги йилда ҳам давом эттирилиши мумкин.
Қизғин баҳс ва тортишувлардан сўнг қонун лойиҳасидаги норма ўз ҳолича қолдирилди.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/_58PxYrociQ" title="Alisher Qodirov nimadan norozi?" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Муҳтарама Комилова, ЎзА