Алишер Навоий ва ХХI аср
Буюк шоир ва мутафаккир, атоқли давлат ва жамоат арбоби Алишер Навоийнинг бебаҳо ижодий-илмий мероси нафақат халқимиз, балки жаҳон адабиёти, миллий маданиятимиз ва адабий-эстетик тафаккуримиз ривожида алоҳида ўрин тутади. Улуғ шоир ўзининг шеърий ва насрий асарларида юксак умуминсоний ғояларни, она тилимизнинг беқиёс сўз бойлиги ва чексиз ифода имкониятларини бутун жозибаси ва латофати билан намоён этиб, ер юзидаги миллионлаб китобхонлар қалбидан муносиб ва мустаҳкам ўрин эгаллаган.
Сўнгги йилларда Алишер Навоийнинг бой ва серқирра ижодий меросини ҳар томонлама чуқур ўрганиш, унинг ўлмас асарларини юртимиз ва хорижий мамлакатларда кенг тарғиб қилиш ҳамда хотирасини абадийлаштириш борасида қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Президентимизнинг шоир таваллудининг 580 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисидаги қарорига мувофиқ, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида «Алишер Навоий ва ХХI аср» мавзусидаги 7-халқаро илмий-назарий онлайн конференция бўлиб ўтди. Конференцияда АҚШ, Россия, Туркия, Озарбайжон, Эрон, Тожикистон, Афғонистон каби мамлакатлардан шарқшунос ва навоийшунос олимлар иштирок этдилар. Конференцияни Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ректори, филология фанлари доктори, профессор Шуҳрат Сирожиддинов табрик сўзи билан очди.
Конференция иштирокчилари ўз маърузалари билан иштирок этдилар. Озарбайжон Миллий илмлар академияси вице-президенти Исо Ҳабиббейли Алишер Навоий ижодининг жаҳон тамаддунида тутган ўрни ҳақида, Туркиянинг Истанбул университети ассистент профессори Эмек Усенмез Алишер Навоийнинг туркийзабон халқларни бирлаштириш йўлидаги хизматлари, Тожикистон Фанлар академияси Ёзма мерос миллий маркази бўлими бошлиғи Саидхўжа Ализода Алишер Навоийнинг Тожикистон Республикаси Шарқ қўлёзма фондида сақланаётган асаларининг нусхалари ҳақида қимматли маълумотлар бердилар.

Айниқса, Ломоносов номидаги Москва давлат университети Осиё ва Африка мамлакатлари институти доценти Даря Жигулскаянинг Алишер Навоий ижоди ҳақида соф ўзбек тилидаги маърузаси ўзбек тилининг жаҳон миқёсида нуфузи ошиб бораётганидан ҳақида бўлди.
Конференция Алишер Навоийнинг илмий мероси ва матншунослик, Алишер Навоий адабий мероси ва таржимаи ҳоли, Алишер Навоий лирикасини ўрганиш масалалари, Алишер Навоий: анъана ва янгиланиш, замонавий адабиётда буюк шоир образи талқини, Алишер Навоийнинг лингвистик мероси ва шоир ижодини ўқитиш муаммолари шўъбаларида давом этди.
Дилобар Маматова, ЎзА