Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллиги олдидан
Навоийда Навоий таваллудига бағишланган тадбирлар давом этмоқда
Ўзбекистон “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Навоий вилоят бўлими томонидан сўз мулкининг султони, ўзбек адабий тилининг асосчиси Ҳазрат Мир Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллиги муносабати билан ўтказилаётган ҳафталик доирасида турли маънавий-маърифий тадбирлар, танловлар ва давра суҳбатлари ўтказилмоқда.

Жумладан Фонд вилоят бўлими ташаббуси билан Навоий шаҳар ҳокимлиги, “Алишер Навоий нодир меросини тарғибот маркази” жамоат бирлашмаси, Навоий ҳарбий прокуратураси ҳамкорлигида 7532-ҳарбий қисмда аскарлар ўртасида “Навоий ғазаллари билимдони” танлови ўтказилди.
Ҳарбий қисмда Алишер Навоий ҳайкали ўрнатилган. Танлов ўтказиладиган айни "ҳудуд" тадбирга мос бадиий безатилган.

Тадбир аввалида хайрия жамоат фонди Навоий вилоят бўлими раиси Фахриддин Солиев, навоийшунос олим Фаррух Юлдошев, Навоий ҳарбий прокуратураси прокурор ёрдамчиси, адлия катта маслаҳатчиси Шерзод Ўнгаров ва бошқалар сўзга чиқиб, Мир Алишер Навоий қолдирган бой ижодий меросни ўрганиш ва тарғиб қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида тўхталиб ўтди.

– Улуғ шоир ўзининг шеърий ва насрий асарларида юксак умуминсоний ва ватанпарварлик ғоялари, она тилимизнинг беқиёс сўз бойлиги ва чексиз ифода имкониятларини бутун жозибаси ва латофати билан намоён этиб, ер юзидаги миллионлаб китобхонлар қалбидан муносиб ва мустаҳкам ўрин эгаллаган, – дейди Ф.Солиев. – Алишер Навоий адабий меросини тизимли ва мунтазам равишда ўрганиш, тарғиб қилиш биз учун ҳам шараф, ҳам бурч, деб биламан.
Аскарлар ўртасида ўтказилган “Навоий ғазаллари билимдони” танловида 1-ўринни ҳарбий қисм аскари Абдулазиз Юсупов эгаллади.

Шунингдек, Фонд вилоят бўлими ташаббуси билан Навоий давлат педагогика институти ва “Алишер Навоий нодир меросини тарғибот маркази” жамоат бирлашмаси ҳамкорлигида “Навоий меросини биргаликда ўрганамиз” шиори остида талаба-ёшлар ўртасида иншолар танлови ўтказилган эди. Якуний натижалар эълон қилинди ва ғолиб талаба-ёшлар аниқланди.
Навоий шаҳридаги Алишер Навоий номидаги 19-умумий ўрта таълим мактабида шаҳар мактаб ўқувчилари ўртасида “Навоий достонлари билимдони” беллашуви ташкил этилди. Тадбирни ўтказишдан мақсад Навоий достонларини чуқур ўрганиш, уларда илгари сурилган умуминсоний ғояларни ёшлар орасида кенг тарғиб қилиш, Навоий асарлари орқали ёшларда Ватанга муҳаббат ҳиссини шакллантиришдан иборат.
Беллашув 7-8-, 9-11-синф ўқувчилари ўртасида ўтказилди. Қизғин кечган беллашувлар нафақат, танлов, балки ёш авлод онгги ва қалбида улуғ боболар ўгити мустаҳкам жой олишига хизмат қилади.
Барча танловлар ғолиб ва совриндорлари “Маҳалла” жамоат Фонди вилоят бўлими ва “Алишер Навоий нодир меросини тарғибот маркази” жамоат бирлашмасининг дипломи ва Алишер Навоий асарлари тўплами билан тақдирланди.
Абдували Бўриев, ЎзА