Алишер Навоий- ўзбек ҳалқининг ғурури
Сўз мулкининг султони, мутафаккир, атoқли давлат ва жамoат арбoби Ҳазрат Алишер Навoийнинг бебаҳo ижoдий-илмий мерoси нафақат туркий xалқлар миллий маданиятида, балки жаҳoн адабиёти тариxи ва адабий-эстетик тафаккури ривoжида ҳам алоҳида аҳамият касб этади.
Улуғ шoир ўзининг баёзларида юксак умуминсoний ғoяларни, oна тилимизнинг беқиёс сўз бoйлиги ва чексиз ифoда имкoниятларини бутун жoзибаси билан намoён этиб, ер юзидаги миллиoнлаб китoбxoнлар қалбидан мунoсиб ўрин эгаллаган.

Яқинда Қозоғистоннинг Чимкент шаҳар ўзбек драма театрида Алишер Навоий таваллудининг 585 йиллиги муносабати билан “Навоийхонлик – 2026” халқаро танлови ўтказилди. Қозоғистон Халқ ассамблеяси, Қозоғистон ўзбеклари этномаданий бирлашмалари “Дўстлик” ҳамжамияти, Чимкент шаҳар ўзбек этномаданият бирлашмаси, Жумабек Ташенев номли университет, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ва Ўзбекистон давлат хореография академияси билан ҳамкорликда ташкил этилган мазкур конкурсда ёшлар Навоий асарлари бўйича эссе ёзиш, ғазални ифодали ёддан ўқиш, “Хамса” достонлари асосида саҳна кўринишини намойиш этиш ҳамда буюк мутафаккир ҳаёти ва ижодига оид савол-жавоблар каби шартлар юзасидан баҳслашдилар.

Ҳакамлар ҳайъати аъзоси сифатида педагогика фанлари бўйича фалсафа доктори Шаҳло Норалиева ва Ж.Ташенев номли университет катта ўқитувчиси Озода Мусаева танлов иштирокчиларининг чиқишларини холисона баҳолаб бордилар.
Мазкур йиғиннинг кириш қисмида сўз олган Қозоғистон ўзбеклари этномаданий бирлашмалари “Дўстлик” ҳамжамияти раиси Абдулла Исматуллаев Навоийнинг адабий мероси, унинг асарлари ҳамон халқларни, миллатларни дўстлаштиришда алоҳида ўрин тутаётганини қайд этди.

– Ҳазрат Алишер Навоий туркий халқлар маънавий дунёсининг тараққиётига ғоят кучли ва самаралари таъсир кўрсатган улуғ зотдир, -деди у ўз нутқида. – Шоир ўзининг доно сиёсий фаолияти билан бирга, кўплаб бунёдкорлик ишларига, фан, маданият, санъат ва адабиёт аҳлига ҳомийлик қилган, уларни маънавий ва моддий жиҳатдан қўллаб - қувватлаган. Унинг ижодида инсонпарварлик, халқлар дўстлиги ғоялари, комил инсон таълимоти устуворлик қилади. Ёш авлод буюк Навоий, донишманд Абай каби мутафаккирларнинг жаҳоний асарларини, бебаҳо ҳикматларини ўқиб улғайса, албатта, маънавияти, дунёқараши янада юксалади. Ҳозир икки қардош ўлка – Қозоғистон ва Ўзбекистон муносабатлари янги босқичда. Ушбу халқаро танлов ёш авлод камолотига, мамлакатларимизнинг яқин қўшничилик, ҳамкорлик муносабатларига ижобий таъсир кўрсатишига ишончимиз комил.

Анжуман доирасида Чимкент ўзбек драма театри актёрлари “Ҳусайн Бойқаро ва Алишер Навоий” спектаклидан парча ижро этишди. Айниқса, улуғ шоир ғазалларига басталанган куй-қўшиқлар жонли ижроси тадбирга янада файз бағишлади.
– Ҳазрат Навоий форс тили устун бўлиб турган бир пайтда туркий тилда ижод қилиб, адабий тилимизга асос солди, -дейди ҳакамлар ҳайъати аъзоси, Ж.Ташенев номли университетнинг халқаро ҳамкорлик департаменти раҳбари, педагогика фанлари бўйича фалсафа доктори Шаҳло Норалиева. – Қувонарлиси, “Она тилим – жону дилим” ва “Навоий ўқишлари” каби танловлар ёшларимизнинг мулоқот майдонларини кенгайтириш баробарида, уларнинг адабиётга бўлган меҳр-муҳаббатини мустаҳкамлаб, миллий қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбияланишига хизмат қилмоқда. Бундай маърифий тадбирлар ёш авлоднинг нутқ маданиятини юксалтириш, бадиий тафаккурини бойитиш ва ижодий салоҳиятини ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этади.

Танлов якунларига кўра, олий ўрин Жанубий Қозоғистон вилояти, Сайрам туманидаги Алишер Навоий номли мактабнинг 10-синф ўқувчиси Маҳлиё Муҳиддиновага, 1-ўрин Самарқанд вилояти, Каттақўрғон туманидаги 17-мактабнинг 8-синф ўқувчиси Бинафша Бозоровага насиб қилди. Ж.Ташенев номли университет талабалари Маржона Рафиқова, Нигора Шодиқулова, Мавлуда Асадуллаева, ЎзДХА 4-босқич талабаси Жамшидбек Мирсолиевлар талабалар ўртасида ғолиб деб топилди. Шунингдек, қолган иштирокчилар ҳам турли номинацияларда эътироф этилди. Ғолиблар сертификат, пул мукофотлари ва эсдалик совғалари билан тақдирландилар.

Тадбирда “Ватандошлар” жамоат фонди вакиллари ҳам иштирок этиб, Қозоғистондаги ўзбек мактаблари учун янги китоблар, ўқув-қўлланмалари ҳамда ўзбек миллий чолғу асбобларини ҳадя этишди.
Ҳазрат Навоий асарлари ўсиб келаётган ёш авлоднинг тасаввури, борлиқни онгли равишда идрок этиши, бадиий-эстетик дидини шакллантиришда ҳам муҳим ўрин тутади. Зеро, маънавий мерос инсонларнинг бир-бирига бўлган ўзаро муносабатлари асосида ривожланиб, сайқалланиб боради. Миллатларнинг маданий-маърифий алоқалари қадриятларнинг авлодлардан-авлодларга ўтиши ва бойиб бориши жараёнида ривожланади, халқаро миқёсга чиқади.
Ҳулкар Ҳамроева,
филология фанлари доктори, профессор.
ЎзА