Алишер Навоий ижодий мероси халқаро мулоқот марказида
Ҳиндистон пойтахтидаги Жавоҳарлаъл Неру университетининг Форс ва Марказий Осиё тадқиқотлари марказида Алишер Навоий таваллудининг 585 йиллиги муносабати билан халқаро илмий-амалий конференция ўтказилди.
Ўзбекистоннинг Деҳлидаги элчихонаси, Ўзбекистон давлат хореография академияси, Андижон давлат педагогика институти, Андижон давлат чет тиллари институти, Қозоғистоннинг Жумабек Ташенов номидаги университети, “Suz.in” халқаро илмий-оммабоп журнали, Жавоҳарлаъл Неру университети ҳамда Деҳли кўникмалар ва тадбиркорлик университети томонидан ташкил этилган анжуманда Ўзбекистон, Ҳиндистон, Қозоғистон ва бошқа мамлакатлардан ташриф буюрган олимлар, тадқиқотчилар ҳамда маданият вакиллари иштирок этди.

Йиғинда сўзга чиққанлар буюк мутафаккирнинг асарлари халқлар ўртасидаги маънавий яқинликни мустаҳкамлашда муҳим ўрин тутишини қайд этишди. Навоий ижодидаги инсонпарварлик, адолат ва маърифат ғоялари бугунги кунда ҳам ўз аҳамиятини йўқотмагани таъкидланди.
Шунингдек, форум дастуридан “Алишер Навоий илмий ва ижодий меросининг жаҳон цивилизациясида ўрни” мавзусидаги халқаро илмий мақолалар танлови натижаларини эълон қилиш ва “Suz.in” журнали тақдимоти ҳам ўрин олди. Танловнинг Алишер Навоий ижодининг замонавий тадқиқотлари ва таълимдаги ўрнига бағишланган йўналишида Дилрабо Уралова, ижоднинг маданий таъсири йўналишида Мавлуда Азимова, маданий мерос ва замонавий фанлар интеграцияси йўналишида Рустам Пардабоев, асарлар таржимаси ва талқини йўналишида Бинафша Бозорова, асарларнинг тарбиявий аҳамияти йўналишида Ирода Аҳмадова совриндорлар қаторидан жой олди.
Конференция ёрқин адабий-маданий дастур билан давом этиб, Алишер Навоий ғазаллари ва рубоийлари янгради, ўзбек халқ қўшиқлари ва рақслари ижро этилди.
Ташкилотчиларнинг қайд этишича, ушбу тадбир икки мамлакат академик муассасалари ўртасидаги илмий-таълим алоқаларини мустаҳкамлашда муҳим қадам бўлиб, қўшма тадқиқот лойиҳалари, тажриба алмашиш ва навоийшуносликни глобал миқёсда янада кенг тарғиб қилиш учун янги истиқболлар очади.
Д.Ҳакимов, ЎзА