Алишер Навоий асарлари қозоқ тилида
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Маънавият ва давлат тилини ривожлантириш департаменти, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳамда Халқаро турк академияси ҳамкорлигида буюк мутафаккир Алишер Навоийнинг қозоқ тилида нашр этилган «Хамса», «Муҳокаматул-луғатайн асарлари ва шоир ижоди жамланган «Бақо гули» номли китобларнинг тақдимотига бағишланган анжуман ўтказилди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Маънавият ва давлат тилини ривожлантириш масалалари департаменти мудири Абдуғаффор Қирғизбоев, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, халқ шоири Сирожиддин Саййид, Қозоғистон Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Сатибалди Дархон ва бошқалар икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари ҳақида гапирди. Сўнгги йилларда адабий алоқаларнинг мустаҳкамланганлиги ва самарали ижодий фаолият йўлга қўйилгани таъкидланди.
Адабиётшунослар, ёзувчи ва шоирлар иштирокидаги анжуманда «Мир Алишер Навоий –туркий халқлар гултожи», «Ўзбекистон ва Қозоғистон: адабий алоқалар янги босқичда», «Алишер Навоий –ўзбек ва қозоқ халқлари адабий алоқаларининг мустаҳкам кўприги», «Алишер Навоий асарлари таржимасида ўзига хосликлар» номли мавзуларда маърузалар тингланди.
–Алишер Навоий асарлари бутун дунёга бағрикенглик, инсонпарварлик, меҳр-оқибат туйғуларини тараннум этади, –дейди Халқаро турк академияси президенти Дархон Қидирали. –Дарвоқи, унинг асарларидаги эзгу ғоя халқларни тотувликка, бирдамликка чорлайди. Сўнгги йилларда ўзбек, қозоқ ижодкорлари ўртасида кўплаб ижодий ҳамкорлик ишлари амалга оширилди.Қатор ўзбек ижодкорларининг асарлари қозоқ тилига, қозоқ ижодкорларининг асарлари ўзбек тилига таржима қилинди. Бунда иккала давлат ёзувчилар уюшмалари жонбозлик кўрсатди. Туркий халқ даҳоси бўлган Алишер Навоийнинг асарларини қозоқ тилида чоп этиш ишлари ҳали давом этади. Шу ўринда таниқли адабиётшунос Қозоқбой Йўлдошнинг Абай асарларини ўзбек тилига таржима қилишда жонбозлик кўрсатгани учун алоҳида ташаккур изҳор этаман.
Қайд этилганидек, давлатимиз раҳбарининг «Буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида»ги қарорида бир қатор устувор вазифалар ўрин олган. Бу борада сўнгги йилларда мамлакатимизда Алишер Навоийнинг бой, серқирра ижодий меросини ҳар томонлама чуқур ўрганиш, унинг ўлмас асарларини юртимизда ва хорижий давлатларда кенг тарғиб қилиш, нашр этиш борасида самарали ишлар олиб борилмоқда.

Қозоғистонда ҳам Навоий асарларини ўрганиш, таржима қилиш, нашр эттириш борасида қувонарли натижаларга эришилди. Хусусан, «Хамса» китоби машҳур қозоқ шоири, Давлат мукофоти лауреати, Қозоғистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, «Парасат» ордени билан тақдирланган Несипбек Аитули томонидан ўзбек тилидан қозоқ тилига таржима қилинди. Мазкур китобдан Алишер Навоийнинг машҳур асарлари – «Лайли ва Мажнун»ҳамда»Искандар девори» кабилар ўрин эгаллаган.
Китоб («Науаи Әлішер. Мухәкәмәтул-луғәтәйн»(«Икки тил баҳси») шарқшунос Торали Қидир томонидан ўзбек тилидан қозоқ тилига таржима қилинган. Алишер Навоийнинг бу асари туркийшуносликда алоҳида ўрин эгаллайди. Шоир икки тил – туркий ва форс тилларининг моҳиятини чуқур ўрганган ва ўз асарларида аниқ мисоллар орқали туркий тилнинг луғат бойлиги ва поэтик қудратини яққол кўрсатган.
«Бақо гули» китобида Алишер Навоийнинг танланган ғазаллари туркий халқлар тиллари – озарбайжон, бошқирд, қозоқ, қорақалпоқ, қрим-татар, қирғиз, саха, татар, туркман, ўзбек ва уйғур тилларида берилган. Китоб Муҳаммад Али томонидан тузилди ҳамда муқаддимаси ёзилди.

«Алишер Навоий. Бақо гули» номли китоби учун Муҳаммад Али Турк академиясининг кумуш медали билан тақдирланди. Абайнинг «Тарбия сўзлари» китобини ўзбек тилига таржима қилган ва китобнинг нашр этилишига ҳисса қўшган Қозоқбой Йўлдошев, Ибодулла Мирзаевга Турк академиясининг кумуш медаллари топширилди.
Д.Маматова, ЎзА