Алиментни фақат оталар эмас,оналар ҳам тўлайди
Биз кўпинча болага алимент тўлаш ҳақида сўз кетганда асосан оталарни бу ишга масъул санаймиз. Аммо орамизда ажрашгач, фарзандини отасида қолдириб, ўзи боласининг таъминоти учун алимент тўлаётган оналар ҳам талайгина.
Оналарни ўз боласининг таъминоти учун алимент тўлаш тартиби қандай? Бу масалада кўпроқ оталар масъулиятлими ёки оналар?
Шу каби саволларга жавоб олиш мақсадида Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросининг бўлим бош инспектори Давлат РАЖАБОВни суҳбатга чорладик.
– Айтинг-чи, ҳудудий жиҳатдан аёллар томонидан энг кўп алимент тўлаш кўрсаткичи қайси вилоят ёки туманга тўғри келади?
– Никоҳнинг бекор қилиниши ушбу никоҳ натижасида дунёга келган бегуноҳ, мурғак болаларнинг ота ёки она меҳрисиз ўксиб улғайишига олиб келганидан ташқари фарзандларни моддий таъминлаш учун алимент ундириш ҳам давлат ижрочилари учун энг долзарб муаммога айланмоқда.
Республика бўйича қарздор аёллар бўлган алимент ундируви билан боғлиқ 3 мингдан ортиқ ижро ҳужжатлари мавжуд бўлиб, жами алимент ундируви билан боғлиқ ижро ҳужжатларининг 1% ни ташкил қилади. Худудий жиҳатдан аёллар томонидан энг кўп алимент тўлаш кўрсаткичи Нукус (147 та) ва Самарқанд (144 та) шаҳарларига тўғри келади.
– Оналарнинг алимент тўлаш тартиби қандай ва бу жараён ўз вақтида бажариляптими?
– Қарздор аёл киши бўлган тақдирда ҳам моддий ёрдамга муҳтож бўлган вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсни моддий таъминлаш Ўзбекистон Республикаси Оила кодекси, “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги қонун ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқ умумий асосларда амалга оширилади.
Мазкур тоифадаги ундирувлар бўйича ундирилиши лозим бўлган маблағни жами бўлиб икки ойдан ортиқ муддат мобайнида тўламаган тақдирда МЖтКнинг 474-моддасига асосан маъмурий жавобгарлик, шундай қилмиш учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин ҳам жами бўлиб икки ойдан ортиқ муддат мобайнида тўламаган тақдирда унга нисбатан ЖКнинг 122-моддасига асосан жиноий жавобгарликка тортиш чоралари кўрилади.
– Бугунги кунда алимент тўлаш борасида кўпроқ оталар масъулиятлими ёки оналар?
– Бугунги кунда алимент тўлаш борасида қарздор оталар масъулияти кучайиб бормоқда.
– Алиментчи она хорижда бўлган тақдирда тўлов қандай ундирилади?
– Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 145-моддасига мувофиқ, алимент тўлаши шарт бўлган шахс доимий яшаш учун ёки уч ойдан ортиқ муддатга чет давлатга кетаётганида қонунга мувофиқ ўзи таъминот бериши лозим бўлган алимент олувчилар билан ушбу Кодекснинг 130-134-моддаларига асосан алимент тўлаш тўғрисида келишув тузиши шарт.
Алимент тўлаш тўғрисида келишувга эришилмаган тақдирда манфаатдор шахс алимент миқдорининг пул билан тўланадиган қатъий суммада белгиланиши ва алиментни бир йўла тўлаш тўғрисида ёки алимент эвазига муайян мол-мулкни бериш ёхуд алиментни бошқа усулда тўлаш тўғрисидаги талаб билан судга мурожаат қилишга ҳақли.
Вояга етмаган болалар таъминоти учун алиментлар олдиндан тўланган ёки алимент тўлаш мажбуриятини таъминлаш учун гаров шартномаси тузилган бўлса, шахс алимент тўлаш тўғрисида келишув тузиш мажбуриятидан озод этилади.
Алиментларни олдиндан тўлаш, шунингдек, алимент тўлаш мажбуриятини таъминлаш бўйича гаров шартномасини тузиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.
Бундан ташқари, алимент ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжати чиқарилгунга қадар қарздор она (ёки ота) чет эл давлатига чиқиб кетганлиги аниқланиб, унинг турган жойи ҳақида маълумотлар олиш имкони бўлмаганида, “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги қонуннинг 42-моддасига асосан давлат ижрочиси ўз ташаббуси билан ёки ундирувчининг аризасига кўра қарздорни қидириш тўғрисида қарор чиқаради.
– Айтинг-чи, алимент масалалари хорижда қандай йўлга қўйилган?
– Алимент ундириш ҳақида ижро ҳужжати чиқарилишига сабаб оиланинг бузилиши ва эр-хотин ўртасида тузилган никоҳнинг бекор қилиниши ҳисобланади. Бу борадаги хорижий давлатларда кузатилаётган ҳолат ўрганилганда, Россияда никоҳ бекор қилиниши ҳолатлари 50-52 фоизни, АҚШда 50-59 фоизни ташкил қилишини кўришимиз мумкин.
Энг кўп ажрашишлар Европа Иттифоқи – Испания, Португалия, Чехия ва Венгрияда кузатилмоқда, ушбу давлатларда 60 фоиздан кўп оилалар никоҳи бекор қилинар экан.
Бу борадаги ўртача кўрсатгич Хитойда қайд этилган бўлиб, 20-29 фоиз миқдорида ажрашишлар қайд этилади.
Мусулмон давлатлари ажрашишлар энг кам қайд этиладиган давлатлар тоифасига кириб, ўртача 10-19 фоиз оилалар никоҳи бекор қилинади, ҳаттоки баъзи давлатларда бу кўрсатгич 5 фоиздан ошмаслиги кузатилмоқда.
– Айрим хориж давлатларида алимент ота-она томонидан тўланмаган тақдирда махсус фондлар томонидан тўлаб берилар экан. Бундан кўзланган мақсад нима деб ўйлайсиз?
– Саволингиз ўринли, чунки Германия, Буюк Британия, Франция, Австрия, Норвегия, Финляндия, Польша, Латвия каби Европа давлатларида алимент ундируви масалаларига алоҳида аҳамият берилиб, алимент тўловлари қарздор томонидан тўланмаганда давлат томонидан махсус фондлардан тўлаб берилиши йўлга қўйилганлиги ва ушбу фондларнинг тегишли қонун нормалари билан тартибга солиниши ўсиб келаётган ёш авлод моддий таъминотини кафолатлайди. Фонддан алимент тўланганда, бола таъминотида узилиш бўлмайди ҳамда тўлаб берилган алимент пуллари қарздордан кейинчалик ундириб олиниши белгилаб қўйилган.
Италияда эса, ота (она) алимент тўлашдан бош тортган ҳолларда, суд орқали бобо ва бувисидан алимент ундируви амалга оширилишини белгилаш мумкин.
Хитойда алимент тўламаганлик солиқ тўловлари тўлашдан бўйин товлаш қаторида оғир тоифадаги жиноят саналиб, алимент тўлашдан бўйин товлаш алимент тўловчини узоқ муддатли озодликдан маҳрум қилиш ёки ҳаттоки ўлим жазосига ҳукм қилинишига олиб келиши мумкин.
ЎзА мухбири Нигора Раҳмонова суҳбатлашди.