Алиментчи ота қарздорликни тўлагач, жиноий жазо қўлланмади
Сурхондарё вилоятининг Шўрчи туманидаги Эзгулик маҳалласида яшайдиган А.Собиров оилавий келишмовчиликлар сабабли турмуш ўртоғи ва ёлғиз фарзандини ўз уйидан чиқиб кетишга мажбур қилди. Ёш она фарзанди билан ота уйида бир амаллаб турмуш кечира бошлади.
Суднинг 2021 йил ноябрь ойидаги тегишли қарорига кўра А.Собиров алимент тўлаш мажбуриятини ўз зиммасига олган бўлса-да, бу масъулиятни бажаришдан узоқ вақт бўйин товлади. Мажбурий ижро бюроси Шўрчи туман бўлими давлат ижрочиларининг ҳаракатлари билан унга нисбатан маъмурий иш қўзғатилиб, суд қарорига асосан 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси ҳам тайинланди. Бироқ, алиментчи отага бу чора ҳам сабоқ бўлмади. У қасддан бўйин товлаб, алимент тўламасликни давом эттирди. Оқибатда унга нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Вазиятнинг қалтислигини сезган қарздор отадан ниҳоят садо чиқди. Қарийб 32 миллион сўм алимент қарздорлигини тўлиқ қоплади.
– Давлат ижрочиларимиз бунга ўхшаш ҳолатларга дуч келиб туради, – дейди вилоят МИБ масъул ходими Қобилжон Турсунов. – Алиментчи оталар қонунни тушунмайди, десак уларга суд залидаёқ тегишли тушунчалар берилади. Молиявий имкони йўқдир, десангиз жавобгарлик масаласига дуч келгач, юзага келган қарзни дарҳол тўлаб беради. Аслида алимент пули вояга етмаган боланинг муносиб ҳаёт кечириши, таълим олиши ва тарбия топиши учун муҳим бўлган молиявий таъминот ҳисобланади. Ундан бўйин товлаш нафақат инсоний масъулиятдан чекиниш, балки қонун олдида маъмурий ва жиноий жавобгарликка сабаб бўлади. Амалдаги қонунчиликка кўра, ҳеч бир алиментчи ота фарзанди олдидаги алимент қарздорлигини тўлашдан қочиб қутулолмайди.
Давлат ижрочилари онаси қарамоғида камолга етаётган фарзанди учун алимент тўловларини тўлиқ амалга оширган шўрчилик қарздор отага жигарбанди вояга етгунга қадар молиявий кўмакдан бўйин товлашнинг қалтис оқибатларини яна бир карра атрофлича тушунтирди.
Нилуфар Бозорова, ЎзА мухбири