Алимент тўловчи ва олувчиларга қулайлик
Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросининг Қизилтепа тумани бўлими томонидан 2021 йил 3 декабрда қарздор Ш.А.дан ундирувчи А.Ш. фойдасига 9 миллион сўм, бюронинг Навбаҳор тумани бўлими томонидан қарздор Ш.Ч.дан ундирувчи Д.С. фойдасига 4,6 миллион сўм ундирилган алимент пули ундирувчининг пластик картасига ўтказилди.
Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси Навоий вилояти бошқармасининг ҳудудий бўлимлари иш юритувида мавжуд бўлган 40 мингдан ортиқ ижро ишларининг 12 мингдан ортиғини алимент ундируви билан боғлиқ ижро ишлари ташкил қилади. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 24 ноябрдаги “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги фармонига асосан 2021 йил 1 мартдан бошлаб ижро ҳужжатлари бўйича қарздорлар томонидан алимент мажбуриятларини ижро этиш ва назорат қилишнинг ягона ахборот тизими орқали ижро ҳужжатлари бўйича ҳар бир ундирувчи номига тегишли банк картаси расмийлаштирилиши ҳамда алимент пуллари, шу жумладан қарздорнинг иш ҳақидан ушлаб қолинган алимент пуллари ушбу банк картасига ўтказилиши белгиланган.
Мазкур тизим амалиётга тўлиқ татбиқ қилиниб, алимент тўловчи ва олувчиларга қулайлик яратилди ва алимент маблағларини олиш учун бюрога ёки почта алоқа тармоқларига боришига ҳожат қолмади. Шунингдек жараённи бевосита доимий равишда масофадан кузатиш имкони пайдо бўлди. Бу борада бошқарма томонидан 9 мингга яқин алимент олувчиларга бепул банк пластик карталари тарқатилиб, бюронинг туман-шаҳар бўлимлари депозит ҳисоб рақамларидан ушбу пластик карталарга 1,1 миллиард сўм маблағ кўчирилиши таъминланди.
А.Бўриев, ЎзА