Алимент қарзи қопланмагач, «Onix» аукционда сотилди — қарийб 100 миллион сўм фарзандлар манфаати учун ундирилди
Фарзанд таъминоти — ота-онанинг қонуний бурчи. Бу бурчни бажармаслик эса қонунда белгиланган тартибда мажбурий ижрони тақозо этади.
Мажбурий ижро бюросининг Мирзо Улуғбек туман бўлими иш юритувида Фуқаролик ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туманлараро судининг 2021 йил 8 ноябрдаги ижро варақасига асосан қарздор А.И.дан ундирувчи К.У. фойдасига икки нафар фарзанд таъминоти учун иш ҳақи ва бошқа даромадларининг 1/3 қисми миқдорида алимент ундириш белгиланган.
Бироқ қарздор узоқ вақт давомида алимент тўловларини амалга оширмагани оқибатида салкам 100 миллион сўм алимент қарзи юзага келган.
Суд қарори ижросини таъминлаш мақсадида қарздорга тегишли бўлган «Onix» русумли автотранспорт воситаси хатланиб, жарима майдонига жойлаштирилди. Қарздорга қарздорликни ихтиёрий равишда қоплаш учун қонунчиликда белгиланган муддат берилди. Аммо ушбу муддатда ҳам қарздорлик бартараф этилмагани сабабли автомашина электрон онлайн-аукцион савдоларига чиқарилди.
Аукцион натижаларига кўра автомашина сотилиб, сотувдан тушган 93 миллион 175 минг сўм маблағ тўлиқ ундирувчи фойдасига, икки нафар фарзанднинг алимент қарздорлигини қоплаш учун ўтказиб берилди.
Фарзанд таъминоти кечиктирилиши мумкин, аммо унутилмайди. Ҳар бир ундирилган сўм — фарзанднинг қонуний ҳаққи ва келажаги учун хизмат қилади.
ЎзА