Алимент ўрнига уй-жой берилди
Ота-оналарнинг фарзандлари олдидаги вазифалари, моддий таъминлашга ва тарбиялашга масъуллиги қонун билан белгилаб қўйилган.
Ана шулардан келиб чиқиб, Олтиариқ туманида фарзанди учун алимент тўлаши белгиланган қарздорнинг отаси 2 нафар набираси учун ўзининг номида бўлган ҳовли уйни алимент тўлови ўрнига таклиф қилган.
Жорий йилнинг 13 апрель куни ундирувчи З.Раҳимова таклифни қабул қилгач, қарздорнинг отаси Р.Раҳимов Олтиариқ тумани, "Полосон" МФЙ, Муқимий кўчасида жойлашган яшаш хонадонини набираларининг номига нотариус орқали расмийлаштириб топширди. Тарафлар ўртасидаги келишувга асосан ижро ҳужжати тамомланди.
Шунингдек, Мажбурий ижро бюросининг Сўх туман бўлими иш юритувида бўлган, 5 нафар фарзандига алимент тўлаётган қарздор Б.Мадорипов ундирувчи З.Мадориповага алимент ўрнига ўзи яшаб турган ҳовли жойини таклиф қилган. Ундирувчи таклифни қабул қилиб, қарздор билан ўзаро келишгач, жорий йилнинг 15 апрель куни қарздор Сўх туманида жойлашган ҳовли жойини ундирувчининг номига расмийлаштириб топширган. Тарафлар ўртасидаги келишувга асосан ижро ҳужжати тамомланган.
М.Қосимова,
ЎзА