Акварелда ишланган асарлар кўргазмаси
Тошкент фотосуратлар уйида Олимжон Фозиловнинг “Акварель” номли шахсий кўргазмасининг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Олимжон Фозилов 1951 йил Тошкент вилоятининг Бекобод шаҳрида туғилган. 1968-1975 йилларда П. Бенков номидаги Республика рассомлик билим юртини тугатган.

Кўргазмада рассомнинг 60 га яқин акварелда ишланган асарлари, этюд ва хомаки ишлари намойиш этилди. Экспозициядаги кичик ҳажмдаги акварель ишларида чуқур мазмун-моҳият мужассам. Теварак атрофдаги бир зумда бўлиб ўтаётган воқелик картиналарга усталик ва маҳорат билан муҳрланган. Бир қарашда реал тасвирга эга бўлган борлиқ кишида йўқликка сингиб кетаётгандек таассурот уйғотади.
Биргина картинада рассом рангтасвирнинг бир неча жанрларини жамлашга муваффақият билан эришади. Хусусан, “Бақланлар”, “Тарвуз мавсуми”, “Бўзсув” картиналардаги баъзи деталлар графикага хос ёрқин чизиқларда яққол тасвирланса, композициянинг баъзи қисмлари импрессионистлар картиналаридаги сингари ҳавога йўғрилиб кетаётгандек гўё.

Картиналар композицион ечими қанчалик теран хотималанган бўлса, ранглар градацияларининг бир-бирига сингиб кетиши шунчалар жозибадор чиқади. Дарвоқе, акварелда рангтасвир асарларини яратиш бирмунча мушкул. У ижодкордан тезлик билан ечимга келиш ҳамда бир уринишда ишни тугаллашдек нозик вазифани талаб этади. Шундан бўлса керак, акварелда ишлайдиган рассомлар жуда камчиликни ташкил этади.
Гулноза Бобоева, ЎзА