Бу ҳақида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти (СМТИ) директорининг биринчи ўринбосари Акрамжон Неъматов “Геосиёсий ва геоиқтисодий ўзгаришларнинг минтақавий хавфсизликни таъминлаш ва можароларнинг олдини олишга таъсири” мавзусидаги VI халқаро илмий-амалий конференция доирасида сўзлаган нутқида айтиб ўтди.
Панель сессияни олиб борар экан, эксперт ҳозирги геосиёсий вазиятга батафсил тўхталиб ўтди. Унинг сўзларига кўра, "...дунё айни пайтда чуқур мураккаб инқирозни бошдан кечирмоқда. Халқаро муносабатлар тизими узоқ давом этаётган ноаниқлик даврига қадам қўйди. Биз ишонч ва кўп томонлама мулоқот етишмаслиги, мафкуравий қарама-қаршилик тобора кучайиб, глобал хавфсизлик институтларининг роли пасайиб бораётганлигининг гувоҳи бўлмоқдамиз". СМТИ вакили сўзида давом этар экан, “дунё қайтадан жаҳон иқтисодиёти парчаланиши ва бозор ўзгарувчанлиги билан бирга кечаётган сиёсий-иқтисодий блокларга бўлинди. Вазиятни иқлим ўзгариши, сув ва табиий ресурслар етишмаслиги, энергетика, озиқ-овқат ва киберхавфсизлик каби бошқа глобал муаммолар янада оғирлаштирмоқда" дея таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, мазкур омилларнинг барчаси иқтисодий номутаносибликка, ижтимоий-сиёсий кескинликнинг кучайишига, оқибатда эса нафақат анъанавий, балки, анъанавий бўлмаган таҳдидларнинг ҳам кучайишига олиб келади. Натижада протекционизм чора-тадбирларининг киритилиши, ўрнатилган логистика ва ишлаб чиқариш алоқаларининг бузилиши, жаҳон хўжалик тизими фаолияти асосларига путур етказувчи бир томонлама санкциялар режимидан фойдаланиш кузатилади. Экспертнинг фикрига кўра, бу ҳолатлар транспорт ва логистика хизматлари қимматлашган, энергия ва озиқ-овқат ресурслари нархлари ошиб бораётган, технологиялар ва инвестициявий-молиявий воситалардан фойдаланишда қийинчиликлар мавжуд бўлган Марказий Осиёда анча яққол сезилмоқда. “Бундай мураккаб ва жадал ўзгариб бораётган шароитда ишончни тиклаш, конструктив мулоқотни йўлга қўйиш, ҳозирги замоннинг янги чақириқларига қарши курашда ҳаракатларни мувофиқлаштириш бўйича ҳамкорликдаги ишларни амалга ошириш ниҳоятда зарур бўлиб бормоқда”, деб таъкидлайди А.Неъматов.
Шу нуқтаи назардан эксперт Марказий Осиё хавфсизлиги ва барқарор ривожланишини таъминлаш учун зарур бўлган муҳим омиллар сифатида хизмат қиладиган бир нечта асосий йўналишларни белгилаб берди.
Уларга қуйидагилар киради:
1. Давлатлар мудофаа салоҳиятини ошираётган бир вақтда барча- сиёсий, иқтисодий, ижтимоий соҳаларда ички барқарорликни мустаҳкамлаш;
2. Марказий Осиёни бирлаштириш орқали барқарор ташқи муҳитни шакллантириш, унинг субъективлиги, рақобатбардошлигини мустаҳкамлаш, халқаро муносабатларнинг турли иштирокчилари билан ўзаро манфаатли ҳамкорликка очиқликни сақлаш;
3. Минтақа мамлакатлари ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни мувофиқлаштириш ва шиддат билан ўзгариб бораётган воқеликларга мослашиш чораларини биргаликда ишлаб чиқиш учун турли майдонларда кўп томонлама ҳамкорликни қўллаб-қувватлаш;
4. Илмий, эксперт ва касбий салоҳиятни бирлаштириш ва умумий боғлиқлик жиҳатларини топиш учун сиёсатшунослар, олимлар ва таҳлилчиларни жалб этган ҳолда кўп томонлама ва кенг қамровли мулоқотни илгари суриш; “Ихтиёримизда бўлган объектив устунликлардан тўлиқ равишда фойдаланиш, юзага келаётган муаммоларни янги имкониятларга айлантириш имконини берадиган ички захираларни тўлиқ ишга солиш зарур”, дея сўзини якунлади А.Неъматов. Халқаро илмий-амалий конференция Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари академияси томонидан ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси билан биргаликда ҳар йили ўтказилади.
Тадбирда сиёсат, хавфсизлик, иқтисодиёт ва халқаро ҳамкорлик соҳасидаги давлат ва нодавлат идоралари раҳбарлари, халқаро экспертлар, минтақавий ва халқаро ташкилотлар вакиллари, хорижий давлатларнинг Ўзбекистондаги элчихоналарида аккредитациядан ўтган ҳарбий атташелар (жами 80 нафарга яқин киши) иштирок этди.
ЎзА